Дердийок, ОЧЛ, йиллик бюджет ва бошқалар... Ёхуд "Пахтакор" спорт директори Жаъфар Ирисметовнинг муҳим масалаларга муносабати
Ўзбекистоннинг ҳар томонлама биринчи рақамли жамоаси – «Пахтакор» ҳозирда БААда ўқув-машғулот йиғинини олиб боряпти. Ўтган йили чемпионатимиздаги барча мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган клуб бу йил яна ўша муваффақиятларини такрорлай оладими? Шунингдек, таркиб янада кучайтирилаётгани ҳам эътиборга молик. Ҳаммасини инобатга олган ҳолда клубда кўп ишларни бажараётган спорт директори Жаъфар Ирисметов билан ўзимизни қизиқтирган қатор масалалар бўйича ўзаро фикр алмашдик.
«Бутун эътиборни ОЧЛга қаратиб, ички чемпионатни унутиб қўйиш ҳам нотўғри»
Ўтган йили Ўзбекистондаги барча мусобақаларда ғолиб бўлган «Пахтакор»нинг янги мавсумдаги асосий мақсади Осиё Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритиш эканлиги ҳақида эшитмоқдамиз. Яъни, барча саъй-ҳаракатлар фақат ОЧЛни ютишга қаратилганми? Спорт директори Жаъфар Ирисметов дастлаб ушбу масала бўйича гапирди.
- «Пахтакор» ҳозирги пайтда Абу Даби шаҳрида янги мавсумга тайёргарликни олиб бормоқда. Ўтган йили ўз ўйинлари билан барча мухлисларни хурсанд қила олди ва Ўзбекистонда тенги йўқ жамоага айланди. Бу билан янги мавсумда фақат Осиё Чемпионлар лигасига бутун эътиборини қаратиб, ички чемпионат ёки Кубок баҳсларини унутиб қўяди дейиш ҳам нотўғри. Биз биргина ОЧЛни ўйлаб тайёргарлик кўрмаяпмиз. Ҳаммасини параллел равишда, бутун мавсум учун муносиб иштирок этишни кўзлаб йиғинлар олиб боряпмиз. Албатта, биз Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этишни жуда-жуда хоҳлаймиз. Аммо шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, бизнинг гуруҳимиз мутлақо осон эмас. Масалан, ўтган йили Осиё Чемпионлар лигасини ютган жамоа билан битта гуруҳга тушиб қолдик. Куни кеча Дубай шаҳрида яна бир бўлажак рақибимиз – «Ал Шабаб»нинг ҳам ўйинини кўрдик. Кўриниб турибдики, улар ҳам кучли рақиб экан. Ҳозирги пайтда «Ал Шабаб» БАА чемпионатида биринчи ўринда. Шу сабабли гуруҳдаги курашлар жуда қийин бўлади. Биз эса аввало бу гуруҳдан чиқиб олишни мақсад қилиб қўйганмиз. У ёғини эса вақт кўрсатади. Аста-секин ўз олдимизга қўйилган мақсадларга эришиб боряпмиз. Жамоамизни янада кучайтириш мақсадида швейцариялик ҳужумчи Эрен Дердийок билан икки йиллик шартнома туздик. Унинг «Пахтакор»га қанчалик қўшилиб кета олишини вақт кўрсатади. Ўз пайтида номдор бўлган ҳужумчини таркибимизга қўшиб олдик. Агар улгура олсак, яна бир-иккита легионерларни қўшиб олишга ҳаракат қиламиз. Мабодо, бунга улгурмаган тақдиримизда ҳам жамоамизни яхши шаклланган деб бемалол айта оламан.
«Дердийок билан музокара қийин кечди»
Европада ўйнаган ва ўзига яраша номга эга бўлган тажрибали ҳужумчининг Ўзбекистон чемпионатига олиб келиниши ўзига яраша муҳим воқелик саналади. Лекин «Пахтакор» бундай ўйинчини қўлга киритиши осон кечмаган бўлса керак.Қуйида мутахассис шу ҳақида тўхталади.
- Тўғри, бундай савиядаги ҳамма ўйинчилар ҳам Ўзбекистон чемпионатига келаверишмайди. Шундай экан, бу каби юқори даражадаги футболчилар билан шартнома имзолаш жуда қийин. Биз уни қўлга киритиш учун икки ой давомида музокаралар олиб бордик. Албатта, барчаси бош мураббийнинг хоҳиши билан амалга ошади. Арвеладзе эса Эрен билан Туркиянинг «Касимпаса» клубида бирга ишлаган. Тўғриси, Дердийок билан музокаралар жуда қийин кечди десак ҳам бўлади. Фақат охирги кунларга келибгина у розилигини берди ва агенти ҳамроҳлигида келиб биз билан шартнома имзолади. Энди унинг маошига келадиган бўлсак, бу борада бироз кўпайтириб ёзиб юборишган. «Пахтакор» ОАВда ёзилганидек маошни Дердийокка бермайди. Швейцариялик ҳужумчи машғулотларимизда қатнашишни бошлади. Абу Дабида ўртоқлик учрашувларини ҳам ўтказишни мўлжаллаганмиз. Мазкур баҳслар орқали Дердийокни ҳам кўриб оламиз. Албатта, биз уни яхши биламиз, аммо амалда ҳам кўриб оламиз. Чунки янги футболчининг жамоага қўшилиб кетиш жараёни ҳам бор. Биз бу футболчини яхши ният билан олганмиз.
«Адебайорга қизиққанимиз рост, аммо Гомес билан Оби Микелга эмас»
Эрен Дердийок қўлга киритилгунига қадар «Пахтакор» яна бошқа таниқли легионерларга ҳам қизиқаётгани ҳақида эшитгандик. Марио Гомес, Эммануэль Адебайор, Оби Микел…Хўш, аслида булар қанчалик ҳақиқатга мос эди?
- «Пахтакор»нинг Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этиши учун таркибга кучли легионерни қўшиб олиши ҳақида кўп ёзишди, - дея фикрини давом эттирди, Ирисметов. - Лекин бу борада айтилган кўп гаплар нотўғри бўлган. Марио Гомес, Оби Микел сингари футболчиларга «Пахтакор» қизиқиш билдирмаган. Масалан, Гомес ҳозир қайсидир клубда 3,5 миллион евро маош оляпти. Шундай экан, катта маош оладиган ўйинчига биз қандай қилиб қизиқиш билдиришимиз мумкин? Европадан, масалан Германиянинг иккинчи бундеслигасидан ҳам бирор-бир футболчининг бизнинг чемпионатга келиши жуда қийин масала. Эммануэль Адебайорга тўхталадиган бўлсак, ростдан ҳам бу футболчига қизиқиш билдиргандик. Бироқ у билан олиб борилган музокаралар жараёнида келишувга эриша олмадик. Ўша пайтда параллел равишда Дердийок билан гаплашиб келаётгандик. Кейинчалик Эрен бизга розилик берганидан кейин у билан шартнома имзоладик.
«Ироқлик ҳужумчини ҳам кузатгандик»
Шунингдек, клуб ироқлик футболчини ҳам кузатаётгани ҳақида эшитгандик. Аниқроғи, Али Аднан номзоди кўриб чиқилаётгани қулоққа чалинганди. Жаъфар Турсунбоевич эса аслида бошқа ироқлик кузатилганини айтди.
- Ироққа борган пайтимизда биз бир футболчини кузатиш учун боргандик, аммо у Али Аднан эмасди. Балки ҳужум чизиғида тўп сурадиган Али Аббосни кузатгандик. Ироқ терма жамоасида тўп сурган ушбу футболчига қизиққандик. Аммо уни қўлга кирита олмадик. Али Аббос адашмасам Қувайт жамоаси билан шартнома тузди. Али Аднан масаласини эса кўриб чиқяпмиз.
«Машариповга араб ва корейс клубларидан таклифлар кўп бўлди»
«Пахтакор»нинг чинакам етакчисига айланган Жалолиддин Машарипов кейинги фаолиятини Европада давом эттириш истагида экани ҳақида бир неча бор айтганди. Аммо у янги мавсумда ҳам «Пахтакор» шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Аммо унга таклифлар кўп, масалан Хави унга қўнғироқ қилиб «Ал Садд»га чорлаганмиди? Спорт директори шундай деди:
- Тўғри, ўтган мавсумда Машарипов жуда яхши ўйин кўрсатди. Ўйлашимча, у фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказди. Табиийки, Жалолиддинга қизиқиш билдираётган клублар кўп. Лекин Машарипов масаласида «Ал Садд» клубидан бизга ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Лекин унга араб ва корейс клубларидан таклифлар кўп бўлди. Шунга қарамасдан у билан ўртамизда яна икки йиллик шартномамиз бор. Унинг ўзи ҳам «Пахтакор»ни жуда яхши кўради. Албатта, биз унга барча шарт-шароитларини яратиб берамиз. Боя ўзингиз айтиб ўтганингиздек, Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнашишни мақсад қилганмиз. Бу борада эса етакчиларимиз ўзимизга ҳам керак.
«Черан клуб бюджети ҳақида тахминан гапирган»
Яқинда Драган Черан сербиялик журналистларга катта интервью берди. Суҳбат давомида футболчи кўп нарсалар ҳақида гапирган. Унда айтишилича, «Пахтакор»нинг йиллик бюджети 20 миллион еврони ташкил қилар экан. Бу ростми? Ушбу масала бўйича ҳам клуб спорт директорига юзландик.
- Драган Чераннинг билдирган фикрларига келадиган бўлсак, у бир неча йилдан бери Ўзбекистон чемпионатида ўйнаб келяпти. Ўз интервьюсида Ўзбекистон ва «Пахтакор» ҳақида кўп гапирган. Уни «Насаф»да ҳам ажойиб ўйнаганини яхши биламиз. Чемпионатимизда охирги 3-4 йилда легионерлар орасида энг кучлиси бўлиб келмоқда. Интервьюсида эса у йиллик бюджет ҳақида фақат тахмин қилган холос. Бизнинг футболчиларга яратиб бераётган шароитларимиздан келиб чиққан ҳолда тахминан айтган бўлиши мумкин. Буни ўзинглар ҳам билсаларинг керак, «Пахтакор» ўйинчилар учун ҳамма шароитни яратиб беряпти. Бу борада клуб президенти Бобур Шодиевга миннатдорчилик билдирамиз. Биз Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасида кўп ўйнаймиз. Шундай мамлакатларга боришимизга тўғри келадики, у ерга Дубай, Истанбул ёки бошқа шаҳар орқали етиб бориш мумкин. Клуб президенти эса жамоа ортиқча қийналмаслиги учун чартер рейсларни ташкил қилиб беради. Умуман олганда, ўзига яраша ҳаражатлар бор. Мана шундай омилларни ҳам ҳисобга олиб Драган бюджет борасида ўз фикрини айтган бўлиши мумкин, фақат буни тахмин қилган. Ваҳоланки, унинг иши фақат футбол ўйнаш. Шунчаки, журналист томонидан унга шундай савол берилгани учун Черан эҳтимол шундай жавоб бергандир. Албатта, клубнинг бюджети журналист ёки мухлисларга қизиқ туюлиши мумкин. «Ал Садд» таркибида Хави ўйнаганида катта маош оларди. Масалан, унинг ойлик маоши бизнинг бюджетимизнинг ярмига тенг келарди. Чемпионлар лигасида ўйнайдиган жамоа нафақат таркибини яхши ўйинчилар билан тўлдириши керак, балки уларга энг яхши шароитларни ҳам ярата олиши муҳим. Шунда яхши натижаларга эришиш имконияти ҳам ошади. «Пахтакор»нинг бюджетини эса ўзимизга қолдирганинглар яхши, чунки бу клубнинг шахсий иши.
«Ҳамма турнирни ютган мураббий билан келишиш қийин бўлмади»
«Пахтакор» билан ўтган мавсум барча турнирларни ютган бош мураббий Шота Арвеладзе билан музока қийин кечмадими ва қанча муддатга шартнома имзолангани ҳақида ҳам спорт директори ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Шота Арвеладзе бунгача икки ярим йил давомида жамоани шакллантириб борди. Кўрган бўлсангиз, 2019 йилда жамоамизда легионерлар камроқ бўлди. Драган Черан катта ёрдам берди. Марко Симич ҳам бор эди-ю, аммо у кўпинча захирада қолди. Мақсадимиз эса кўпроқ ўзимизнинг маҳаллий футболчиларга эътибор қаратиш эди ва шу йўлдан кетдик. 2019 йилда иш жадвалимиз жуда тиғиз бўлишига қарамасдан ёшларимизни ҳам жалб қилиб ўйнатдик. Клубда ишни тўғри йўлга қўя олганимиз учун ўтган йили Ўзбекистондаги барча турнирларда ғолиб чиқдик. Бундан кейин ҳам маҳаллий футболчиларимизга таяниб иш олиб бормоқчимиз. Агар ёшларимизнинг савияларини кўтара олсак, бу терма жамоаларимиз учун ҳам жуда қўл келади. Кўраётган бўлсангиз, бу йил ҳам таркибимизда легионерларни кўпайтириб юбормаяпмиз. Фақат Ўзбекистонда зўр ҳужумчини топиш қийин. Бу борада Игорь Сергеев, Темурхўжа Абдуҳолиқов кабиларни айтиш мумкин. Лекин халқаро майдонда ўзини кўрсатиб голлар урадиган ҳужумчиларимиз кам. Албатта, биздаги ҳужумчилар ҳам яхши савияда бўлишларини хоҳлардим. Аммо бу чизиққа четдан легионер ҳужумчиларни олишга мажбурмиз. Энди Арвеладзе билан шартномани узайтириш масаласига келсак, музокараларимиз қийин кечгани йўқ. Ҳамма турнирни ютган мураббий билан шартнома тузиш қийинчилик туғдирмайди деб ўйлайман. Иккала томоннинг келишувига кўра яна бир йиллик шартнома тузганмиз. Кейинчалик ҳам Шота Арвеладзе билан ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор. Негаки, бизнинг кўп йиллик ривожланиш дастуримиз бор. Келажакда маҳаллий ёшларимизни ҳам юқори даражага олиб чиқамиз деб умид қиламан. Академиямизда ҳам катта ўзгаришлар бўляпти, ёшларимизга бўлган эътибор кучайиб боряпти. Шу боисдан Шота билан узоқ йиллар давомида биргаликда ишламоқчимиз. Бизда кўплаб яхши ғоя ва идеаларимиз бор.
«Ўйинчиларни ижарага бериб пул ишлашни ўйлаётганимиз йўқ, асл мақсад бошқа»
«Пахтакор» кўплаб тарбияланувчиларини бошқа клубларга ижарага беришни одат қилган ва яна бу ҳол давом этадими? Умуман, бу йўналиш қандай самара бермоқда? Мазкур масала бўйича Ирисметов ёшларнинг ўйин амалиётига эга бўлаётгани ўзини оқлаётганини айтди.
- «Пахтакор» бу борада доим яхши ишлаб келяпти. Бундай масалалар билан айнан ўзим шуғулланаман. Айниқса, Арвеладзе билан маслаҳатлашиб бундай ишларни амалга оширамиз. Ўсиб келаётган ёшларимизни ўйин амалиётисиз қолиб кетмаслиги учун уларни бошқа клубларга ижарага берамиз. Чунки ўйнаб тобланиши керак бўлган ёшларимиз кўп. Шу боисдан бир талай ўйинчиларимизни ижарага бердик ва бу ўз самарасини берди деб ўйлайман. Масалан, Асад Собиржонов чемпионатнинг кашфиётларидан бири бўлди. Ёки Жасур Яхшибоевни ҳам айтишим мумкин. Тайёр бўлиб қолган ўйинчиларни бир йил давомида захирада ушлаб туриш нафақат клубимиз учун, балки терма жамоаларимиз учун ҳам нотўғри деб ўйлайман. Келишилган ҳолда уларни ижарага бериб ўйин амалиётига эга бўлишларини таъминладик. Биз ёшларни ижарага бериб молиявий таъминотни мақсад қилаётганимиз йўқ. Ҳатто, шундай йўл тутамизки, ўйинчиларимизни ижарага бераётганимизда шартнома бандига агар футболчи доимий равишда ўйнаса келишилган ижара пулининг 50 фоизидан воз кечамиз. Биз футболчиларимизни бошқа клубларга шундай асосда берамиз. Яна қайтараман, ўйинчиларимизни ижарага берганда улардан пул ишлаш бизнинг асосий мақсадимиз эмас. Биз учун муҳими ўша футболчимизга ўйин амалиёти бўлса бўлди. Ҳозирги кунда ҳам академиямизда яна кўплаб иқтидорли ёшларимиз бор ва бу йил ҳам ушбу йўналишда давом этамиз.
Албатта, яна ўзгаришлар бўлади. Чунки жамоамиз ўсишда давом этяпти. Бу йўналишда қўлдан келганича ҳаракат қиляпмиз. Жамоамизни тарк этганларга келсак, ўтган йили «Сурхон»да ижарада тўп сурган Ҳусниддин Ғофуров билан тузилган шартнома тугаган. Яна бир Ҳусниддин Ғофуровни ҳам жамоамиз билан яна бир йиллик шартномамиз бор. Ҳозирда «Пахтакор» билан бирга эмас. Унга яхши клубдан таклиф бўлса, келишган ҳолда шартнома тузишини истаяпмиз. Менимча, уни ҳам бир йилга ижарага берсак керак. Умуман олганда, катта йўқотишларимиз йўқ. Боя айтганимдек, ёшларимизни ижара асосида бошқа клубларга берамиз. Баҳром Абдураҳимов ҳозирча жамоамиз билан бирга ва уни Осиё Чемпионлар лигаси учун «заявка»дан ўтказганмиз. Ўйлашимча, у катта эҳтимол билан «Пахтакор»да қолади.
Фикрлар