Деян Журжевич: Бабаян билан Хитойга кетгач, 2 ойдан сўнг уйга қайтганман. У ерда кимдир футболни тушунади, кимдир эса тушунчага эга эмас

Сербиялик мухлисларимизга яхши таниш мутахассис – Деян Журжевични “Пахтакор”, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Навбаҳор”даги фаолияти орқали эслаб қолганмиз. Шунингдек, у Самвел Бабаян ҳам ҳамкорликда фаолият олиб борганини биламиз.

Охирги марта Бабаян билан Хитойга “Чанчунг Ятай” клубига йўл олганди. Куни кеча ушбу мутахассис Хитойдаги фаолияти қандай кечгани, Бабаян тўғрисида, юртимиз футболчи ва яна бошқа мавзулар бўйича sports.uz учун ўз фикрларини билдирди.

“Ўзбекистондан таклиф бўлса, бажонидил қабул қиламан”

-  Ҳа, биз яна Ўзбекистонга, Тошкентга қайтиб ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу бизнинг ишимиз. Ишимизда эса эртага нима бўлишини олдиндан билиб бўлмайди. Айни пайтда менда Ўзбекистондан бирор-бир таклиф йўқлигини айтиб ўтишим керак. Аммо шуни алоҳида таъкидламоғим жоизки, Ўзбекистон менинг қалбимдан жой олган ва мен учун худди иккинчи ватандек бўлиб қолган. Агар яхшироқ таклиф келиб тушса, бажонидил юртингизга қайтиб бораман. Бундан жуда хурсанд бўлардим.

“Бабаян Хитойдан нима учун кетганини билмайман, аммо у ерда яхши ишлади”

-  Ҳа, Самвел Бабаян билан Хитойга бирга кетганим рост. Лекин Хитойда унчалик кўп қола олмадим. Негаки, оиламда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар юз берганди. Шу сабаб тахминан 1,5 – 2 ойдан сўнг, ортимга қайтишга мажбур бўлганман. У ерда юзага келган коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кейинчалик бутун дунёга тарқалиб кетиши мумкинлигини ҳеч ким кутмаганди. Бевосита Хитой лигасига тўхталадиган бўлсам, у ерда жамоалар анча яхши шаклланган, инфратузилмалари ҳам рисоладагидек. Агар оилавий муаммолар бўлмаганида Хитойда қолиб ишни давом эттирардим. Бабаян билан унинг штабидагилар жуда яхши иш олиб боришди ва натижани таъминлай олдилар. Уларнинг нима сабабдан Хитойдан кетганлиги мен учун мавҳум. Яна қайтараман: Бабаян ва унинг ёрдамчилари Хитойда жуда яхши иш олиб борганлар. Мен бу гапни бирга ишлаганимиз ва иш жараёнини ўз кўзларим билан кўрганим учун айтяпман. Уларнинг машғулотларида олиб борган ишлари менда жуда яхши таассуротлар қолган. Ҳозир улар ишлаган клубда турли одамлар бор. Кимдир футболни яхши тушунади, яна кимдир эса умуман тушунчага эга эмас. Мен Бабаянни жуда ҳурмат қиламан. У яхши мутахассис саналади.

“Шомуродов шу кетишда “Интер”, “Ювентус” каби клубларнинг қизиқишига сабаб бўлади”

-  О, Элдор Шомуродовми?! Терма жамоада ишлаган чоғимизда Бабаян ва мен Шомуродовда катта потенциал борлигини дарҳол илғаганмиз. Агар сиз футболни тушунадиган бўлсангиз, ёш ижрочидаги иқтидорни ҳам бемалол пайқашингиз мумкин. Элдорда ҳамма нарса бор: характер, тезлик, ўйинни ҳис қилиш. Биз ўшандаёқ ундан яқин келажакда жуда яхши ўйинчи етишиб чиқишига ишонч ҳосил қилганмиз. Шу сабаб терма жамоа иштирокидаги ўйинларга Шомуродовни тез-тез тушира бошлаганмиз. Тўғри, баъзида у ўртача, баъзида эса жуда зўр ўйнарди. Асосийси, мураббий ёш футболчини қўллаб-қувватлаши, унга керакли далдани бериши мақсадга мувофиқ. Кўриб турганингиздек, Шомуродов Европа даражасидаги футболчига айланди. Қувонарлиси, ҳамюртингиз топ-5 чемпионатлар сирасида ўзига яраша мақомга эга бўлган А серияда дастлабки голини уришга эришди. Мен мураббий бўлганим учун ҳам Осиё ва Европа футболи ўртасидаги фарқни яхши ҳис қиламан. “Женоа” унинг учун яхши қадам. Агар Шомуродов шу даражада ўйнашда давом этса, бу кетишда уни “Интер” ва “Ювентус” каби жиддий клублар ўз сафида кўришни истаб қолишади. Шуни ишонч билан айта оламанки, улар ҳам худди мен каби ватандошингизда катта потенциал борлигини албатта илғайдилар. Унга келажак фаолиятида фақат омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

журжевич4

“Одил Аҳмедовнинг фаолияти охирлаб бораётганини унутмаслик керак”

-  Ҳозирда ўзбек футболчилари орасида топ-савиядаги ижрочи бу - Элдор Шомуродовдир. Боз устига мен ўзбек футболини ичидан яхши билганим учун бемалол шундай деяпман. Чунки Жепаров, Ҳайдаров ва Кападзенинг даври тугагандан сўнг, Шомуродов ярқ этиб порлаб чиқди. Тўғри, сизларда Одил Аҳмедов ҳам бор. Бироқ унинг ҳам фаолияти охирлаб бораётганини унутмаслик керак. Юқорида номларини санаб ўтган футболчилар қолган авлод вакиллари учун анча баланд марраларни ўрнатиб кетишди. Энди ёш футболчиларингизнинг улар даражасига етишишини кутиш керак. Бугун ўзбек футболида иқтидорли ёшлар кўп, фақат уларнинг юқори даражага чиқишлари учун ҳар томонлама замин ҳозирлаш керак. Айтишим керакки, Машарипов ёш эмас, балки ўрта авлод вакили сирасига киради. Лекин у ҳам анойи эмас. Айнан улар ўзбек футболининг келажагини белгилаб беришлари мумкин.

“Пахтакор” ва бошқа клубларнинг ўртасида бўшлиқ юзага келган”

-  Айни пайтда “Пахтакор” ўта кучли, ҳар томонлама шаклланган клуб бўлиб турибди. Уларда ҳамма нарса бор: пуллар, бошқаларнинг қўллаб-қувватлаши, юқори савиядаги футболчилар, керакли инфратузилма...Шукрки, Ўзбекистондаги фаолиятим давомида “Пахтакор”да ишлашга ҳам улгурганман. Ҳозир ҳам бу клубга мухлислик қиламан. Ўзбекистонда “Пахтакор” каби кучли клублар ҳозир деярли йўқ ҳисоби. Агар “Пахтакор”га ўхшаш 3-4 та жамоа бўлганида чемпионатингиз савияси ҳозиргидан ҳам юқорига чиққан бўларди. Айни пайтда “Пахтакор”га ҳар томонлама яқин келадиган бирор-бир жамоани кўрмаётганим учун шу гапларни айтяпман. Тўғри, мен ишлаган пайтларда “Пахтакор”га “Бунёдкор”, “Насаф” ва “Локомотив” каби жамоалар етарлича рақобат туғдира олишган. Бироқ охирги пайтларда “Пахтакор”га тенг келадиган рақобатчини кўрмаяпман. Қолган жамоаларнинг нима сабабдан “Пахтакор”дан ортда эканлигини тушунтириб беришим қийин. Ҳозирда “Пахтакор” ва уларнинг ўртасида қандайдир бўшлиқ юзага келгандек таассурот қоляпти.

“Черан энг яхшиси”

-  Ўзбекистонда ишлаб юрган чоғимда энг яхши легионер сифатида Черанни билардим. У жуда яхши футболчи. Ҳақиқий жамоавий ўйинчи. Черан керакли голларни уради, шерикларини ортидан эргаштира олади. Бундан ташқари, у ассистентлик қилишни ҳам жойига қўяди. Оилапарвар футболчи. Ўзбекистондаги легионерлар эмас, балки маҳаллий ижрочилар ҳақида гапирадиган бўлсам, сизларда четдан келган ўйинчилардан маҳорат бобида қолишмайдиган футболчилар йўқ эмас. Масалан, Машарипов. Унинг потенциали юқори. Биласизми, мен Машариповнинг Европа савиясида тўп суришини жуда истайман. Унинг Европа футболида ўйнашини кўриш мен учун жуда қизиқарли бўларди. Юртингиздаги легионерлар орасида эса Черан энг кучлиси эканлигини айта оламан.

журжевич1

“Бабаян Ўзбекистондаги энг яхши мураббийлардан бири”

-  Ҳа, мен Самвел Бабаян билан етарли даражада ишладим. У менинг яхши дўстимга айланган. Биргаликда кўп вақтни ўтказганмиз. Ўзбекистонга биринчи бор келган пайтимда Бабаян менга катта ёрдам берган. Биргаликда жуда яхши иш олиб борганмиз. Агар сўнгги паллада бизга бироз омад кулиб боққанидами, терма жамоа ўзи учун армон бўлиб келаётган жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан бўларди. Бахтга қарши якуний паллада ҳаммаси барбод бўлган. Устига-устак бошқа рақибларнинг ўйинларида қайд этилган натижалар пировардида зараримизга ишлаган. Бизда Кореяга қарши баҳсда жуда яхши имконият юзага келганди. Агар ўшанда омад чопганидами, дуранг ўрнига ғалаба қозонишимиз ва мақсад сари яқинлашишимиз мумкин бўларди. Мен Бабаянни жуда ҳурмат қиламан ва уни Ўзбекистондаги энг яхши мураббийлардан бири деб ҳисоблайман.

“Ўзбек футболининг савияси пастлагани ёқмаяпти”

-  Ўзбекистон чемпионати ҳақидаги фикрим қандай? Ўзбек футболини олдиндан яхши билганим боис ҳозирги даража 7-8 йил аввалгига нисбатан пасайган деб ҳисоблайман. Илгари чемпионлик учун 3-4 та клуб бошидан охиригача кураш олиб борарди. Энди эса “Пахтакор”, ундан сўнг орада бўшлиқ ва қолганлар турибди. “Бунёдкор” ва “Локомотив” клубларининг даражаси ҳозир аввалгидек эмас. Ўз вақтида “Бунёдкор” Ўзбекистоннинг энг кучли клуби бўлган. Қолаверса, бир пайтлар “Нефтчи”дан қолганлар ҳайиқишарди. Бугунги кунда АГМКнинг ўсиши бошқаларга нисбатан сал сезиларли эканлигини айтишим керак. Ҳозирда клубларингиз таркибида ёшлар кўп. Уларга ўзларини кўрсатиши учун имкон ҳавола қилиш керак. Ўзбекистонда футболнинг ривожланиши билан боғлиқ муайян муаммолар йўқ эмас. Сизларда қандай қилиб бўлса ҳам натижага эришиш талаб қилинади, футболни тўғри йўлдан ривожлантириб боришни эса негадир кўпчилик эсдан чиқариб қўяди. Бу эса катта муаммодир. Менга аввалгига нисбатан ўзбек футболининг савияси пастлаб кетгани ёқмаётганлигини айтишим керак. Албатта, сизларда футболни яхши тушунадиган билимдон кишилар йўқ эмас. Айнан улар савияни кўтариш ҳақида ўйламоқлари керак.

“Терма жамоанинг охирги натижалари кишини иккилантириб қўяди”

-  Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятини унчалик билмайман. Бир авлод фаолиятини якунлаб, кейингиси энди бошлаяпти. Янги жамоани шакллантириш учун эса қандайдир вақт керак бўлади. Мухлислар терма жамоадан дарҳол яхши натижаларни кутишга ўрганиб қолишган. Ўз вақтида биз Самвел Бабаян билан ишлаган пайтимизда терма жамоанинг ЖЧга йўл олиши учун имконият сўнгги паллагача сақланиб қолганди. Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўл олиш жуда мураккаб иш. Тўғри, жаноб Абрамов олдин ҳам термани бошқарган, ҳозир ҳам у ЖЧга чиқиш учун нима ишлар қилиш кераклигини билади. Ростини айтаман, бугунги кунда терма жамоангизнинг қандай ҳолатда эканлиги ҳақида менда етарли даражада маълумотлар йўқ. Охирги натижалар ҳам кишини иккилартириб қўяди. Умид қиламанки, Ўзбекистон терма жамоаси бу сафар ҳам жаҳон чемпионатига бориш учун охиригача етиб боради. Ёдингиздами, Ўзбекистондан кетиш олдидан терма жамоанинг савиясини ушлаб қолиш кераклигини ва фақат шунда жаҳон чемпионатига чиқиш имкони бўлиши ҳақида айтгандим. Биз ишлаган чоғларимизда термада ёш ўйинчилар гуруҳи шаклланиб қолганди. Ўзбекистон ўшанда жуда яхши ўйнарди. Яна такрорлайман: агар охирги паллада омад бироз чопганида ЖЧга бориш орзуси албатта амалга ошган бўларди. Буниси энди тарих.

журжевич2

“Ўзбекистон ҳақида гап кетар экан ҳаяжонланаман”

-  Ҳурматли мухбир, менга қўнғироқ қилиб, суҳбатлашганингиз учун миннатдорман. Шуни алоҳида айтишим керакки, Ўзбекистонни, ўзбек футболини жуда яхши кўраман. У ерда кўплаб дўстларим, ҳамкасбларим қолишди. Барчасига менинг катта саломимни етказинг. Агар Ўзбекистон ҳақида гап кетар экан, ич-ичимдан ҳаяжонланаман. Чунки юртингизда анча вақт яшадим. У ерда одамлар самимий, меҳмондўст. Ўзбекистон ҳақида менда фақат илиқ таассуротлар қолган холос. Агар яна хизматимга қизиқиш билдиришадиган бўлса, бажонидил бу ерга қайтишга тайёрман. Ҳаммага аланганли салом, кўришгунча деб қоламан!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davron Abdulin
08/12/2020 19:05
Juda kuchli trener. Navbahorda qadriga etishmadi. Alkash Kanchelskisdan ancha yahshi edi. Vaqt berishmadi