Деярли гол урганлар яна мақтовда ёхуд Абдураззоқовдан Дориевгача
Суперлиганинг 25-тури якунига етди. 7 та ўйиннинг энг яхши футболчилари аниқланди. Қуйида шу хусусида тўхталиб ўтамиз.
“Пахтакор” – ОКМК – 0:2. Энг яхши футболчи: Нодир Абдураззоқов
Турни бошлаб берган Тошкент дербисида Миржалол Қосимов жамоасининг қўли баланд келди. ОКМКда келажаги порлоқ футболчилардан бири сифатида эътироф этилаётган Нодирбек Абдураззоқов шу куни зўр ўйнаб берди. Қўшимчасига ҳисобни очиб берувчи гол муаллифига ҳам айланди.
“Нефтчи” – “Насаф” – 2:0. Энг яхши футболчи: Билолхон Тошмирзаев
Виталий Левченко жамоаси ушбу турда Фарғонада амалдаги чемпион “Насаф”ни қабул қилди. Ўйин тақдири иккинчи бўлимда ҳал қилинди. Билолхон Тошмирзаев ҳисобни очгани фарғоналикларнинг иштиёқи ва ишончини янада кўтариб юборди. Бу футболчи меҳмонларга катта қийинчиликлар туғдирди ва ўзига юклатилган ишончни уддалади.
“Қизилқум” – “Навбаҳор” – 1:5. Энг яхши футболчи: Жамшид Искандеров
Наманганликлар сафарда “Қизилқум”ни янчиб ташлади. Жамшид Искандеров гол уришни бошлаб берди ва якунда “Навбаҳор” рақиб дарвозасига 5 та гол уришга муваффақ бўлди. Жамшид Искандеров эса ўзининг юқори даражасини кўрсата олди.
“Олимпик” – “Бунёдкор” – 0:1. Энг яхши футболчи: Андрия Филипович
“Қалдирғочлар” “Олимпик”га қарши баҳсда ягона гол эвазига уч очкони қўлга киритди. “Бунёдкор”нинг хорватиялик футболчиси Андрия Филипович учрашувни яхши ўтказди. Ғалабага катта ҳисса қўшган легионер якунда энг зўри деб эътироф этилди.
“Андижон” – “Динамо” – 3:0. Энг яхши футболчи: Бектемир Абдуманнонов
“Андижон” муҳим бўлган учрашувда ўзи учун керакли натижани қўлга кирита олди. Уч очкони қўлга киритиш учун “Бургутлар” рақиб дарвозасига жавобсиз учта гол уришга муваффақ бўлдилар. “Андижон”нинг қанот ярим ҳимоячиси Бектемир Абдуманнонов ўйинни “ёндирди”. У ўзи гол урди ва битта голга пас берди. Ҳақли тарзда учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди.
“Металлург” – “Сурхон” – 1:0. Энг яхши футболчи: Олександр Кучеренко
“Металлург” ютмаса бўлмайдиган ўйинда бир амаллаб “Сурхон”ни енгди. Энди ҳаммаси охирги турга қолди. “Сурхон”га қарши учрашувда “Металлург”нинг легионер ҳимоячиси Олександр Кучеренко яна бир бор энг яхшиси бўлди. У мудофаа чизиғида рақиб ҳужумларини бартараф этиш билан бирга ҳужумларда ҳам ёрдамлашиб турди ва жамоасининг ана шундай ҳужумларидан бирини Кучеренко гол билан якунлади. Бу эса “Металлург”га ўта муҳим ғалабани тақдим этди ва имкониятни охирги тургача давом этишини сақлаб қолди.
“Сўғдиёна” - “Локомотив” – 2:0. Энг яхши футболчи: Люпчо Дориев
Иван Бошкович жамоаси Жиззахдаги жуда муҳим учрашувда уч очкони қўлга киритди. Бундай жиддий ўйинда барибир тажрибали ўйинчилар катта саҳнага чиқишди. Айниқса, “Сўғдиёна”нинг македониялик тўпурари Люпчо Дориев яна бир бор маҳоратини намойиш қилди. У чиройли голи билан ҳисобни очди ва Суперлигадаги голларини 12 тага етказди. “Локомотив”га қарши беллашувда Дориев ҳужумчи бўлса-да, майдоннинг ҳар бир қарич ерида бирдек меҳнат қилди. У чиндан ҳам энг яхшиси бўлишга муносиб.
Фикрлар