Дилшод Аҳмадалиев ОКМКга қайтди

Дилшодбек Аҳмадалиев янги мавсумни ОКМКда бошлайди. 

"ОКМК футбол клуби жамоанинг кўп йиллик шаклланган ўйин услубини сақлаб қолиш ва ўнг қанотдаги тактик устунликни янада ошириш мақсадида, тажрибали ҳимоячи Дилшодбек Аҳмадалиевни ўз сафига қайтарди.

Жамоанинг янги мавсум олдидан шакллантирилаётган таркибини янада кучайтириш, ҳимоя чизиғида барқарорликни таъминлаш ҳамда футболчининг кўп йиллик тажрибасини инобатга олган ҳолда, клуб раҳбарияти ва футболчи ўртасида қайта музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасига кўра, Дилшодбек Аҳмадалиев яна «кончилар» сафида фаолиятини давом эттирадиган бўлди. ОКМК ФК ва маҳоратли футболчи ўртасида 2 йиллик шартнома имзоланди.

Маълумот ўрнида, Дилшод Аҳмадалиев 2021-йилдан буён жамоамиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У шу вақтга қадар ОКМК либосида 146 та расмий учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ва 18 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг жамоа тизимини мукаммал билиши ва кўп йиллик фидойилиги янги мавсум олдидан мураббийлар штаби учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

ОКМК футбол клуби Дилшод Аҳмадалиевнинг қадрдон жамоасига қайтганидан мамнунлигини билдиради ва футболчига янги мавсумда ҳам муваффақиятли ва ғалабаларга бой ўйинлар тилайди.

ОКМК ФК аҳил оиласига хуш келибсан, Дилшодбек Аҳмадалиев", - дея хабар берди клуб матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!