Дилшод Жабборов: Агар келишилган ўйинларда қатнашганимда футболни тугатган бўлардим

  • 4 апрель, 2019, 21:48
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 1
  • Футбол
BEPUL PROPAN

Наманганлик футболчи Дилшод Жабборов янги мавсумни Термизнинг «Сурхон» жамоасидан бошлаганидан хабарингиз бор. У бунгача «Навбаҳор»да собиқ бош мураббий Илҳом Мўминжонов билан самарали фаолият олиб борганди. Кейин Мўминжонов «Сурхон»да иш бошлагач, Жабборов ҳам бошқа футболчилар қатори ўша клубда пайдо бўлди. Аммо Суперлиганинг иккинчи туридан кейин ушбу ўйинчи ҳам мураббийга қўшилиб футболдан четлатилишини ҳеч ким кутмаганди. Фаолиятида биринчи маротаба бундай ҳолатга тушиб қолган футболчи учун жорий мавсум мажбурий равишда тугади дейиш мумкин. Чунки ЎФА томонидан аниқланган маълумотлар бўйича келишилган ўйинларда мураббийлардан ташқари Дилшод Жабборовнинг ҳам алоқаси бўлганлиги ҳақида хабар берилди. Шундан сўнг тушкун кайфиятга тушиб қолган футболчи билан боғланиб, вазият ҳақида суҳбатлашишга уриниб кўрдик. Айтиш керакки, футболчи учун бу хабар оғир зарба бўлган.

- Дилшод, ЎФА томонидан Илҳом Мўминжоновнинг ҳаммаси бўлиб беш йилга футболдан четлатилгани ҳақидаги хабарда сизнинг ҳам номингиз тилга олинган бўлиб, келишилган ўйинларга алоқадорлигингиз айтилган ҳолда бир йилга футболдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди. Шу боис мазкур вазиятга муносабатингизни билмоқчимиз.

- Бу хабарни ўқибоқ карахт аҳволга тушиб қолдим. Нимага бундай қилишди? Нима сабабдан? Хабарда ёзилишича, футболчиларни келишилган ўйинларга ундаганим ҳақида айтилган. Тушунмадим, нима учун? Ахир уларни бирор нимага ундасам ва улар ортимдан эргашиб кетавергани болалар боғчаси эмас-ку. Мен бунга ҳайрон бўлиб қолдим. Бундан ташқари, қўмита йиғилишига келмаган деб ёзишибди. Мен у пайтда Термизда эдим, раҳбарият рухсат бермаганидан кейин қандай қилиб берухсат бора оламан? Ваҳоланки, икки кундан кейин ўйинимиз бор эди. Ўзи ўша куни Термизга келгандик. Мени қоралаб ёзиб чиқишганидан ҳайрон қолдим.

- Аслида сизни этика қўмитасининг йиғилишига чақиришганидан хабарингиз бормиди?

- Ҳа, кимдир Ўзбекистон футбол ассоциациясида бўладиган йиғилишга боришим ҳақида айтди. Лекин унгача ҳеч ким менга ҳеч нима демаганди.

- Сиз ҳақингиздаги хабар сайт орқали билдингизми?

- Ҳа.

- Шундан сўнг биринчи бўлиб кимга мурожаат қилдингиз?

- Бундай ишдан сўнг кимга мурожаат қилишни ҳам билмай қолдим. Албатта, вазиятга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон футбол ассоциациясига бораман.

- Футболда анча йиллардан бери фаолият кўрсатиб келяпсиз. Ўзингизга яраша номингиз ва ҳурматингиз бор. Табиийки, сизнинг бир йилга футболдан четлатилганингиз фаолиятингизга ҳам таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмас.

- Ҳозирдан бирор нима дейишни ҳам билмай қолдим. Ҳаммаси кутилмаганда юз берди. Интернет орқали хабарни ўқидим ва боя айтганимдек, карахт аҳволга тушиб қолдим. Чунки бундай ҳолат бўлишини умуман кутмагандим. Шу боис бу вазиятга тайёр эмасдим.

- Ҳаммаси Илҳом Мўминжонов орқали содир бўляпти. Натижада унинг ортидан сизлар ҳам футболсиз қолишга мажбур бўляпсизлар. Сиз ҳам бу ишлар Мўминжонов орқали юз бераётганини билиб тургандирсиз.

- Ҳа, шундай бўлса керак. Лекин ҳозирдан кимдир ҳақида жиддий гап айтишим ҳам қийин. Аввало бу масалага чуқур ва атрофлича ёндашган ҳолда масалага аниқлик киритишим керак. Ана шундан сўнг ўз фикрларимни айтишим мумкин.

- Дилшод, бу вазиятга «Сурхон» жамоаси қандай муносабат билдиряпти? Улар билан ҳам гаплашдингизми?

- Йўқ, ҳали ҳеч ким билан гаплашмадим.

- «Навбаҳор»да Мўмижонов бошчилигида жамоа сардори бўлиб тўп сурдингиз. Шу боис мураббийни яхши биласиз. Айтинг-чи, чиндан ҳам у шундай ишлар билан шуғуллангани ҳақида эшитганмисиз?

- Агар уни бундай ишлар билан шуғулланаётгани ҳақида эшитганимда айтган бўлардим. Аммо мени бундай ўйинлардан хабарим бўлмаган. Биз Илҳом Мўминжонов билан бинойидек ишлаганмиз. Шунга яраша натижаларимиз ҳам чакки бўлмаганди. Барибир ҳайрон қоляпман-да. Балки унинг душманлари бордир.

- Ҳозирги вазиятда ўзингизни ноқулай ҳис қиляпсизми?

- Яна қандай ҳис қилишим мумкин? Мен учун тухмат бўляпти. Лекин Худо ҳаммасини кўриб турибди. Лекин биз ҳақимизда қарор қабул қилиб бўлинди, энди ҳеч нима қила олмаймиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Агарда мен келишилган ўйинларда қатнашганимда футболни аллақачон тугатган бўлардим.

- Шунингдек, яқинда Илҳом Мўминжонов бунгача бир йилга футболдан четлаштирилганига қарамасдан «Сурхон»ни норасмий равишда бошқараётгани ҳақидаги гап-сўзлар тарқалганди. У чиндан ҳам шундай иш қилаётганмиди?

- Тўғри, ўйинларимизни кўргани бориб турганди. Аммо жамоани бошқармаётганди.

- Лекин «Сурхон»га Илҳом Мўминжоновнинг таклифига биноан боргандингиз-а?

- Ҳа, тўғри. Ўтган йили «Навбаҳор»да ўйнаган футболчиларнинг ҳаммасини Мўминжонов «Сурхон»га таклиф қилганди.

- Орада Азиз Турғунбоев масаласидан кейин Мўминжонов футболдан бир йилга четлатилгач, «Сурхон»да қолиш масаласини ўйлаб кўрмагандингизми?

-  Олдимда бошқа клублардан вариантлар бор эди. Лекин ўша вазиятдан кейин биз «Сурхон» раҳбарияти билан келишдик ва мавсумни Термизда бошлашга қарор қилгандик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
ахмад49
05/04/2019 12:43
Хак булсангизлар нима учун Ахмаджоновни судга бермайсизлар? УФА нима учун сизлар сотган жамоани номини айтмайди? Суд окни окка,корани коага ажратиб беради.Биз мухлислар ,Муминжонов сотган жамоа номини ,Ахмаджонов айтмагунча сизлар томонингиздамиз.