Дилшод Комилов: "Андижон"да ёдда қоладиган таассуротларим кўп бўлди"

Истеъдодли ҳимоячи Дилшод Комилов “Андижон”даги фаолиятини якунлаб, “Локомотив”га клубига қайтди.

Боиси, ўтган йили футболчи айнан “Локо”дан андижонликлар таркибига келиб қўшилганди.

Комилов “Бургутлар” билан хайрлашиб собиқ клубига қайтгач, ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Дилшодбек, аввало "Локомотив"га қайтишингиз тафсилотлари хусусида тўхталиб ўтсангиз?

- Ассалому алайкум! “Локомотив”га қайтишимга келсак, чемпионат якунланганидан кейин таклиф тушди ва ўйлаб кўриб, у ерга қайтишга қарор қилдим.

дилшод комилов5

- “Андижон”да ўтказган бир йиллик фаолиятингиз ҳақида фикрингиз қандай? Нимаси билан ёдда қолди?

- Биласизми, “Андижон” клубида ёдда қоладиган таассуротларим кўп бўлди. Биринчи ўринда мухлислар ажойиб эканлигини айтишим керак. Уларга алоҳида раҳмат. Жамоамиз жуда аҳил бўлди. Қийин вазиятларда ҳам бирдамлиги йўқолмагани билан ҳам ёдимда қолди.

- “Локомотив”га қайтдингиз ва у ердаги асосий мақсадингиз қандай? Нимага эришмоқчисиз?

- “Локомотив” жамоасига қўлимдан келганича фойдам тегиб, аввалги мавқеини қайтаришга ва юқори ўринлар учун курашишга ҳаракат қиламиз. Албатта, доимгидек миллий терма жамоадан чақирув олишни ҳам мақсад қилганман.

дилшод комилов1

- “Андижон”ни тарк этиш қийин бўлмадими? Янги мавсумда имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Ҳа, қийин бўлди. Чунки жамоага анча мослашиб қолгандим. Ҳамма жамоадошларимга, мураббийларга ва барчага раҳмат айтаман. 2024 йилда “Андижон” жамоасига омад тилайман ва энг яхши тилакларимни билдираман.

- “Андижон”да сиз учун унутилмас ўйин қайси бўлди?

- Мен учун унутилмас ўйин “Металлург” устида 5:0 ҳисобидаги ғалабамиз бўлди. Бу мен учун унутилмас кун ва ажойиб ўйин бўлган.

дилшод комилов4

- “Андижон” ишқибозларига нима деган бўлардингиз? Адашмасам, фаолиятингизда илк бор мухлислар гавжум стадионда ўйнадингиз. Яъни, Андижон стадионидаги атмосферани кўрдингиз ва бундай муҳитда ўйнаш сизга қандай таъсир қилди? Энди бундай муҳит сизга етишмайди, деб ўйлайсизми?

- Уларга алоҳида раҳмат. Бундай мухлислар қаршисида тўп суриш жуда ёқимли. Ҳар бир ўйинда стадион тўлса, ўйин шиддатли ва қизиқарли бўлади. Бу футболчиларга ҳам қўшимча куч бағишлайди. Ҳаммаси учун раҳмат – “Андижон”!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
07/01/2024 09:30
Сенга рахмат мазунли ва яхши у'инларинг учун