Дилшод Раҳматов: "Қозоғистонлик дўстларимизни бизга ҳаваси келди"

SPORTS.uz эксклюзив интервьюларни тақдим этишда давом этади. Бу сафар футзал терма жамоамиз сардори - Дилшод Раҳматовни саволга тутдик. Суҳбат давомида Қозоғистон терма жамоасига қарши икки ўйин хулосаси, рақибнинг имкониятлари, қўшниларимиз мухлислари ва бошқа мавзулардаги саволларга жавоб олишга муваффақ бўлдик.

Ўртоқлик ўйини бўлишига қарамай, кучли принципиаллик бор эди. Айтингчи, Қозоғистон терма жамоасининг даражаси Эрондан баланд эканми ёки бироз пастроқми?

- Уларни солиштирмаган бўлардим. Эроннинг ҳам, Қозоғистоннинг ҳам ўзига яраша кучли томонлари мавжуд. Шуниси аниқки, иккиси ҳам дунё футзалида ўз ўрнига эга жамоалар. Қўшниларимиз ортда қолган мундиални жуда яхши кайфиятда ўтказганини кўрдик.

Паркет билан муаммо бўлгандек туюлди. Бу жамоамизнинг ўйинига таъсир кўрсатдими?

- Биринчи ўйинда бу омил дарров кўзга ташланмаган бўлиши мумкин, аммо бизга муаммо туғдиргани рост. Очиғи, биринчи баҳсда нафақат Қозоғистон, балки паркетга қарши ҳам кураш олиб боришга мажбур бўлдик. Улар эса, ўзини анча яхши ҳис этишди. Шу сабабли кўплаб ўйлаган режаларимиз барбод бўлди. Иккинчи ўйинда паркетда ўзимизни анча яхши ҳис қилдик. Бу эса, натижага таъсир кўрсатмай қолмади.

Dilshod

Учрашув дўстона ташкил этилганига қарамай, майдонда чинакам жанг кетгандек туюлди?!

- Аслида, оддий ўйин, лекин қўшнилар ўртасидаги баҳсда бу унутилади. Боз устига, футзалимиз тарихида уларни ҳали мағлубиятга учратмаган эканмиз. Шу боис, биринчи бўлиб шу ишни қилиш мақсадида бор кучимиз билан тўп тепдик. Биз хоҳ кучли, хоҳ кучсиз жамоа бўлсин, ҳар қандай рақибни ҳурмат қилишга одатланганмиз. Оддий ўйин бўлишига қарамай, бошқа факторлар эвазига натижа муҳим кўриниш олди.

Қозоғистон терма жамоаси легионерлари ва маҳаллий футболчилари ўртасида фарқ қай даражада катта?

- Маҳаллий ва легионерлар ўртасидаги фарқ жуда ҳам катта. Гап шундаки, уларнинг ўйин услуби айнан шу хорижлик футзалчиларга қараб тузилган. Улар барчасини паркетда ҳал этишлари режага киритилган. Оддий мисол сифатида рақиб дарвозабони - Игитани кўрсатишим мумкин. "Яхши дарвозабон - ярим жамоа" атамаси бежиз айтилмаган. У тўп билан яхши муомалада бўлгани боис, кўпинча майдонда 5 ўйинчига айланади. Бу эса, ҳимояланаётган жамоани анча мураккаб аҳволга солиб қўяди. Балки, қўшниларимиз маҳаллий футзалчиларни легионерлар билан биргаликда ўсишини инобатга олгандир. Тан олиш лозим, ўртадаги фарқ сезиларли даражада катта.

Қайси омил эвазига дунёнинг энг кучли 4 жамоасидан бирини мағлубиятга учратдик?

- Ўйлашимча, барчаси Яратганнинг иродаси. Ундан кейинги омил ҳақида сўрасангиз, йигитларимизнинг кучли характер эгаси эканлигини айтишим мумкин. Биз доимо охиригача кураш олиб бориша ўрганганмиз. Шу кичик деталь жуда кўп оғир баҳсларда керакли натижани қайд этишимизга кўмак беради.
Иккинчи ўйинда 6:4 натижаси бежизга таблода ёнгани йўқ. Рақиб тезкор голлар киритгач, бироз ўйин темпини тушириб юборди. Биз эса, рақиб майдонида бўлишимизга қарамай, охиргача "жанг" қилдик. Илк баҳсда 1:3 натижаси билан мағлуб бўлганимизга қарамай, ёмон ўйин кўрсатмадик. Шунчаки, ўз вазиятларимиздан фойдалана олмадик.

вшқфовфқ

Қозоғистон Европа қитъаси вакили саналади. Аввалроқ, Португалия устидан ғалаба қозонган эдик. Қайси учрашувдаги ғалабанинг қадри баланд?

- Португалияни енгиш қийинроқ бўлган. Сабаби, уларни барчаси футзалчилари Европанинг топ клубларида ҳаракат қилади. Боз устига, жамоавий ўйин борасида ҳам улар дунёнинг биринчи рақамли жамоаси саналади. Улар бежизга жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани йўқ. Ҳимоядаги тартибли ўйин ва тезкор қарши ҳужумлар эвазига ҳозирда Португалия жаҳон футзалининг энг кучли жамоасига айланган.

Мундиалдан сўнг, футзалимизга бўлган эътибор сал бўлса ҳам ошдими? Молиявий қийинчиликлар йўқми?

- Жаҳон чемпионати якунлангач, бошқа йиғин ташкил этилгани йўқ. Қозоғистон билан ўйиндан атиги 2 кун аввал йиғилдик ва озгина машғулот ўтказиб, сафарга чиқдик. Баъзилар бизни клубларида шуғулланяпти, деб ўйлаши мумкин, аммо ТЖ ва клуб бу бошқа-бошқа даража! Улар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Умид қиламанки, январь ойидан бошлаб, Осиё чемпионати саралаш ўйинлари учун тайёргарликни бошлаймиз. Ана шунда, барчаси ҳақида тўлиқ маълумот беришим мумкин.

Иккинчи ўйиндан сўнг, қозоғистонлик мухлислар сизларга қарсак чалганига гувоҳ бўлдик. Улар сизларни қандай қабул қилишди?

- Қозоғистонликлар залда туриб бизга қарсак чалди. Бу жуда ёқимли ҳис. Чиройли ўйин гувоҳи бўлишгани учун миннатдорлик билдиришди. Қозоғистон чемпионатида ўйнайдиган танишларим билан суҳбатлашдим. Биргина Игитанинг йўқлиги бутун бошли жамоа ўйинига таъсир қилишини кўргач, улар тўлиқ маҳаллий йигитлардан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоасига ҳавас қилишини айтишди. Қўшниларимиз бизни яхши кутиб олгани учун миннатдорчилик билдираман. Ўзимизнинг мухлисларга эса катта раҳмат. Бизни ижтимоий тармоқлар орқали қўллаб-қувватлаб тургани, ғалаба қозонишимизга ишонгани учун ташаккур. Биз уларни жуда яхши кўрамиз. Улар учун паркетда исталган рақибга қарши "жанг" қилишга тайёрмиз!

Я . У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!