«Динамо» - «Андижон»: Олти очколик ўйин

Суперлига 20-тури доирасидаги эътиборли қарама-қаршиликлардан бири Самарқандда ўтади. Жорий мавсум дебютантлари саналмиш «Динамо» ва «Андижон» клублари ўзаро рўбарў келишади. Ушбу беллашув олдидан "Динамо" клуби матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди.

Жорий мавсумда...

“Динамо” жамоаси айни дамда 18 очко билан 11-ўринни банд этиб турган бўлса, “Андижон” 17 очко билан 13-ўринда бормоқда. Бу ўйиндаги ғалаба икки томон учун ҳам жуда зарур. Икки клуб ҳам турнир жадвалидаги “хавфли зона”дан қочиш учун бор куч ва имкониятини ишга солиши аниқ. Зеро, бу баҳс икки клуб учун ҳам 6 очколик ўйин саналади.

Ушбу жамоалар 1-даврада Андижонда тўқнаш келиб, 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этишганди. Шу куни мезбонлардан Аброр Хусинов ва Шаҳзодбек Убайдуллаев, “динамочилар”лардан эса Шоҳруҳ Абдураҳмонов ва Миркомил Локаевлар гол муаллифига айланишганди.

Шунингдек, Ўзбекистон Лига Кубоги чорак финали доирасида 14 август куни “Динамо” Самарқандда “Андижон”га қарши ўйин ўтказганди. Ўшанда Баҳодир Насимовнинг “дубли” “Динамо”га ярим финал йўлланмасини тақдим этганди.

Эски танишлар…

Ҳар икки жамоа таркибида ҳам бир қатор футболчилар борки, улар аввал рақиб жамоа сафида тўп суришган. Хусусан, “Андижон” таркибидаги Илдар Маматказин (2014-15 йиллар), Рўзимбой Аҳмедов (2012-13), Дониёр Исмоилов (2017) каби футболчилар “Динамо” шарафини ҳимоя қилишган. “Динамо” таркибидаги Қадамбой Нурметов, Сирож Ҳамроев, Обид Ҳакимовлар эса аввалги йилларда “Андижон” жамоасида фаолият юритишган.

Ўзаро ўйинларда устунлик кимда?

“Андижон” ва “Динамо” Олий Лига тарихида 41 марта тўқнаш келишган. Ушбу ўйинлардан 14 тасида андижонликлар ғолиб бўлишган. 9 ўйин дуранг ҳисобида якунланган. “Динамо” шу кунга қадар Олий Лигада “Андижон”ни 18 марта мағлубиятга учрата олган.

“Динамо” шу кунгача ўзаро ўйинларда “Андижон” дарвозасига 64 та гол киритган. “Андижон”нинг голлари эса 53 та. “Бургутлар” ўзаро ўйинларда 51 очко ишлаб олишган бўлса, “Арслонлар” 63 очкони қўлга кирита олишган. “Динамо”нинг Олий Лигада “Андижон” устидан эришган энг йирик ғалабаси 6:1ни ташкил қилади. “Андижон”нинг самарқандликлар устидан қозонган энг йирик ғалабаси эса – 4:1га тенг.

Ўзаро сўнгги учрашувлар:

Лига Кубоги. 14.08.2019. «Динамо» - «Андижон» 2:1
Суперлига. 05.05.2019. «Андижон» - «Динамо» 2:2
Про-Лига. 18.05.2018. «Динамо» - «Андижон» 1:1
Про-Лига. 30.09.2018. «Динамо» - «Андижон» 0:0
2017 йил – «Андижон» қуйи лигада.
2016 йил – «Динамо» қуйи лигада.

Олий Лига
05.11.2015 «Андижон» - «Динамо» 1:1
26.06.2015 «Динамо» - «Андижон» 2:1
12.04.2014 «Андижон» - «Динамо» 2:3
2013 йил – «Андижон» қуйи лигада.
19.10.2012 «Динамо» - «Андижон» 3:0
14.04.2012 «Андижон» - «Динамо» 0:3
25.08.2011 «Андижон» - «Динамо» 2:0
21.05.2010 «Динамо» - «Андижон» 3:1
14.08.2010 «Андижон» - «Динамо» 1:0
03.10.2009 «Андижон» - «Динамо» 2:0
25.04.2009 «Динамо» - «Андижон» 1:1.

Ўзаро ўйинлар ҳақида факт…

“Динамо” жамоаси Ўзбекистон чемпионати тарихида фақат бир марта Андижон жамоасига мағлубиятга учраган. 1993 йилги мавсумда “Наврўз” дея аталган “Андижон” клуби ўшанда “Мароқанд” номи билан аталган “Динамо” жамоасини Самарқандда 0:1 ҳисобида мағлуб этиб қайтган. Орадан ўтган 26 йилдан буён “Динамо” бу жамоага Самарқандда мағлуб бўлгани йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!