"Динамо" ғалаба қозонди, аммо Ҳаким Фузайлов нимадан норози?

Про-лиганинг 3-туридаги “Динамо” – “Орол” (3:2) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Жуда кўп голли вазиятлар яратдик, лекин имкониятлардан фойдаланишда хатолар ҳам кўп бўлди. Вазиятларни таҳлил қиламиз, шунча имкониятлардан фойдаланмаслик кейинчалик қимматга тушиши мумкин. Рақиб ҳам яхши жамоа эди. Чемпионатда кучсиз клубнинг, осон ўйиннинг ўзи йўқ. Про-лигада тенг кучли жамоалар йиғилган. Шу боис ўйинлар шиддатли ўтмоқда.

Ҳамроев ўрнига Раҳматов? Бу ўзгариш жароҳат билан боғлиқ эмас. Дарвозабоннинг жамоадаги биринчи расмий ўйини эди, эҳтимол бу руҳият билан боғлиқдир. Хатолар учрагани учун ўзгариш қилдим. Очиғи, ғалаба қозонган бўлсак-да, бугунги ўйиндан қониқиш қийин. Жуда кўп вазиятлардан фойдалана олмадик, ўйин якуни бунақа “валидолли” бўлмаслиги керак эди. Интригага ўрин қолдирмаслик лозим эди.

Олег Марчук? У иккита гол урди. 23 ёшда, ўйиндан-ўйинга ўсиб бориши лозим. Унинг ўйини очиляпти, чунки янги муҳитга мослашмоқда.

Шохруҳ Абдураҳмонов ёшлар жамоаси сафидан яхши ҳолатда қайтиб келди, у тезроқ майдонга тушишни хоҳлаганди. Албатта, Шоҳруҳнинг сафга қайтиши ҳам жамоамиз ўйинида билинди.

Кейинги турда “Хоразм”га қарши майдонга тушамиз. Аввал ҳам айтгандим, про-лигада барча клубларнинг кучи деярли тенг. Яққол фаворитнинг ўзи йўқ. “Хоразм”га қарши ўйин қийин бўлади. Урганчда сунъий майдонда ўйнаймиз. Бу ҳам қўшимча қийинчилик туғдиради. Шунга қарамай, навбатдаги баҳсга жамоамиз билан яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қиламиз, - дейди Ҳаким Қаюмович. 

"Динамо" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!