"Динамо" клуби янги мавсум олдидан таништирув маросимини ўтказди
«Динамо» жамоаси 2023 йилги Про лига янги мавсуми олдидан футболчилар тақдимот маросимини ўтказди
Янги футбол мавсуми старти олдидан ўтказилиши анъана тусини олган таништирув маросимида «Динамо» футбол жамоасининг бу йилги янги таркиби таништирилди. Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм халқаро университети катта залида ўтган тадбирда вилоят ҳокимлиги, клуб ва мутасадди раҳбарлар ва 200 нафарга яқин энг фаол мухлислар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тақдимот маросимини Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов очиб бериб, «Динамо» жамоаси бу йил мухлисларни хурсанд этиб, Суперлигага қайтиши лозимлигини таъкидлаб, клубга бу машаққатли вазифани бажаришда омад ва зафар тилади.
Мухлисларнинг қарсаклари остида бирин-кетин «Динамо» жамоасининг барча 26 футболчиси таништирилиб, уларга янги либослар топширилди. Ўйинчиларнинг 15 нафари янги, 11 нафари эса ўтган йилги таркиб аъзоларидир.
Шундан кейин жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов саҳнага чиқиб, «Динамо» олдига Суперлига вазифаси тургани, Самарқанддек шаҳар жамоаси юқори ўринларда бўлишга муносиблигини айтди. Жамоа сардори Эркин Байдуллаев ҳам футболчилар номидан сўзга чиқиб, энг аввало самарқандлик мухлисларни хурсанд этиш учун барча бор имкониятини ишга солишини билдирди. Шунингдек, легионерлардан ганалик Дэррик Менсаҳ ва Кожо Жоэль ҳам мухлислар олдига чиқиб, ишончни оқлашга ҳаракат қилишларини айтишди.
Фан-клуб етакчиси Шавкат Бурҳонов, жонкуяр мухлислар ҳам сўзга чиқиб, «Динамо»нинг Суперлигага қайтиши учун елкама-елка туриб, қўллаб-қувватлашга тайёр эканликлари ҳақида гапиришди.
Очиқ савол-жавоб ва юқори кайфиятда ўтган тадбир якунида фаол ва фахрий мухлислар ўз таклифларини вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобиловга билдириб, ижобий жавоб олишди.
Хусусан, Про лига 1-тур ўйини доирасида 16 март кунги Муборакдаги «Машъал»га қарши сафардаги ўйинга бориб келиш учун фаол ва фахрий мухлислар учун автобус ажратиладиган бўлди. Стадиондаги шароитлар масаласи ҳам ўрганилиши маълум қилинди.
“Динамо” матбуот хизмати.
Фикрлар