
"Динамо"га бироз сабр етишмади". Клубдан ҳузур ололмаган собиқ легионер Самарқанддаги қисқа фаолияти ҳақида гапирди
Самарқанднинг “Динамо” клуби бу йил Суперлигага қайтганига қарамасдан, барибир яққол аутсайдер бўлиб қолмоқда ва бу сафар ҳам асосий мақсади лигада жон сақлаб қолиш бўлади. Чемпионат аввалида таркибда жиддий ўзгаришларга қўл урилганди, хорижлик ўйинчилар ҳам олиб келинганди.
Босниялик 30 ёшли ҳужумчи Александр Глишич мавсум бошида “Динамо” билан шартнома тузганди. Бу ерга келгунига қадар Арманистоннинг “Алашкерт” жамоаси сафида ўйнаган футболчи Самарқандга катта мақсадлар билан қадам босганди. Аммо вазият легионер ўйлагандек кечмади.
У дастлабки тўртта учрашувда майдонга тушди. Кейин клуб билан хайрлашиб, ортига равона бўлди. Айни чоғда Глишич Арманистон чемпионатида “Арарат” жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. Куни кеча ушбу легионер Sports.uz мухбирига интервью берди.
- Сизнинг ўзбек чемпионатидаги фаолиятингиз узоқ давом этмади ва қисқа фурсатдаёқ тарк этдингиз. Бундай қарорга келишингизга нима жиддий сабаб бўлди?
- Мен ҳам Ўзбекистонда бўлганимдан ва бу ерда тўп суриш имкониятига эга бўлганимдан хурсанд эдим. Лекин футболда ҳамма нарса ҳам режадагидек давом этавермайди. Айниқса, бундай вазиятда ўзинг истаганингдек бўлмайди. “Динамо” чемпионатни юқори нотада бошлай олмади. Ўзим жароҳатлар сабабли йиғинлар чоғида яхши тайёргарлик кўра олмагандим. Шунга майдондаги ҳаракатларим қониқарли чиқмади. Ёмон десам ҳам бўлаверади. Клубга эса бироз сабр етишмади. Ўша кунларда қизим дунёга келди. Оқибатда оиламга яқинроқ жойда яшашга ва ишлашга қарор қилдим. Натижадаги ўртадаги шартномани ўзаро келишув асосида бекор қилдик.
- “Динамо” биринчи даврадан кейин турнир жадвалида охирги ўринда. Нима деб ўйлайсиз, жамоа анча кучсизми?
- Ҳа, мен ҳам натижаларни кузатиб бордим. Уларнинг ишига баҳо бера олмайман. Бироқ турнир жадвалидаги ҳолат ҳаммасини айтиб турибди.
- Айтинг-чи, ушбу клубга келганингиздан афсусланмадингизми?
- Йўқ, афсус қилмайман. Бу – футбол! Юқорида айтганимдек, унда доимо ҳамма нарса ҳам режадагидек бўлавермайди.
- Аслида “Динамо”даги ички муҳит қандай эди? У ерда ўзингизни ноқулай ҳис қилганмисиз?
- Муҳитга тўхталадиган бўлсак, тайёргарликнинг аввал бошидан жуда аъло даражада эди. Бироқ чемпионатдаги дастлабки натижалардан кейин ёмонлашиб борди. Шундай бўлиши керак эди.
- Айни пайтда “Арарат” клубидаги ишларингиз қандай?
- Ереваннинг “Арарат” жамоаси чемпионатга тайёргарлик кўряпти. Мавсум бошланишига яна бир ой вақт бор. Ҳозирча Европа доирасидаги ўйинларда иштирок этиб турамиз.
- Умуман айтганда, Ўзбекистон чемпионати сизда қандай таассурот қолдирди?
- Жуда яхши чемпионат. Ишқибозлар, стадион ва жамоалар юқори даражада.
- Дарвоқе, бош мураббий Предраг Роган ҳам истеъфога чиқарилганини билсангиз керак?!
- Ҳа, мураббийнинг истеъфоси ҳақида эшитдим.
- Вақти келиб, яна Ўзбекистондан таклиф бўлса, бу ерга қайтасизми?
- Тажрибам ва кўникмаларимни кўрсатиш имконияти ўзини узоқ куттирмайди. Таклиф бўлса, бажонидил қайтаман.
- “Динамо”даги қисқа фаолиятингиз мобайнида нима хотирангизда сақланиб қолди?
- Нимадир айтишим осон эмас. “Динамо”да оз вақт ўтказганим ва муваффақиятлардан ҳузур ололмаганим учун алоҳида ниманидир кўрсатиб ўтишим қийин. Бироқ Самарқанд шаҳри ва Ўзбекистон халқи меҳмондўстлиги, қувноқлиги туфайли умрбод ёдимда қолса керак.
Фикрлар