"Динамо"ни тарк этган мураббий: "Кетганимдан афсусланяпман, агар жамоада қолганимдами..."

“Динамо” клубидаги бугунги вазият ўта жиддий. Ўтган йили про лигада муваффақиятли қатнашиб бу йил Суперлигага қайтган клуб яққол аутсайдер мақомида бўлиб турибди ва яна ортга қайтишга жуда яқин.

“Динамо”да йил бошидан бери учинчи бош мураббий ишлаётганидан хабардорсиз. Клуб чемпионатга сербиялик Предраг Роган бошчилигида киришганди. Қишки йиғинни ўзи ўтказди ва шунга қараб таркибни ҳам шакллантирди. Бироқ унга тўлиқ ишлаш учун имкон берилгани йўқ.

“Динамо” сербиялик мураббий билан 9 та ўйин ўтказган бўлиб, 1 ғалаба, 3 дуранг ва 5 та мағлубият қайд этди. Мана шундай натижалар фонида у истеъфога чиқарилди. Шу орқали Роган бошлаган ишини тугата олмади. Аммо бу ўзгариш “Динамо”га ҳеч қандай наф бермаётганини энди яхши биласиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Роган билан алоқага чиқдик.

- Жаноб Роган, “Динамо”ни тарк этганингиздан бери қандай иш билан шуғулланяпсиз?

- Бўш вақтимни асосан оилам билан ўтказдим. Саёҳатга чиқдик ва албатта бир қанча иш юзасидан ўзимизга келган таклифларни ўргандим. Лекин эътиборни тортадиган бирор-бир таклиф олганим йўқ.

роган3

- Афсуски, “Динамо”нинг ишлари ҳеч ўнгланмаяпти ва клуб мусобақа жадвалида охирги ўринни эгаллаб турибди. Сиздан сўнг “Динамо”ни Шипилов, бугунги кунда эса Абрамов бошқармоқда. Аксига олиб унинг қўл остида ҳам жамоа атиги бир ўйинда дуранг ўйнади ва ҳамон сўнгги ўринда.

- Ҳаммаси шундай кечаётганидан афсусдаман. Клубга мураббийлик қилган пайтимда ҳам биз кўпроқ очколар олишимиз керак эди. Ҳолбуки, аксар учрашувларда очколар олишга ҳақли эдик...

- “Динамо” иштирокидаги ўйинни охирги марта қачон кузатдингиз?

- Мен клуб иштирокидаги ўйинларни кўрганим йўқ, аммо қисқа роликлардан иборат репортажларни кузатиб келмоқдаман.

роган1

- Сизнингча, клуб қайси ишни тўғри амалга оширмаяпти?

- Менимча, вазиятни ижобий томонга ўнглаш учун қатор ишларни яхшилаш керакка ўхшайди. Албатта, бу гапларни оммага олиб чиқиб бўлмайди. У ерда ўзим бўлганман ва озгина бўлса ҳам билим ва малакам билан жамоага ёрдам беришга ҳаракат қилдим. Ўз навбатида у ердагилар ҳам вазифамга яхши ёндашганимни билишади. Энди клубда эмасман. Аммо “Динамо”нинг ишлари яхшиланиб кетишига тилакдошман. Айниқса, жамоа трансфер масаласидаги ишларни яхши томонга ўзгартириш керак. Менда бу борада ўзига яраша режа бор эди. Мураббийлар штабидаги ёрдамчиларим, ўйинчилар ва мухлисларга бу масалада самарали ишлай олишимизни кўрсатиб бермоқчи бўлдим. Ўз навбатида режамизнинг маълум бир қисмини амалга ҳам оширдик. Айтишим керакки, клубга жалб этилган футболчиларнинг шу ердаги бошқа шерикларига тўла мослашиб олишлари учун вақт керак бўлади. Бунинг учун сабр қилмоқ даркор. Ўйлайманки, бутун Ўзбекистон ва футбол дунёси ҳаммасини ўз кўзи билан кўради.

роган_1

- 8 очкога эга “Динамо”нинг Суперлигада қолишига ишонасизми?

- Олдинда ҳали 7 та учрашув бор. Бу 21 очко дегани. Ҳаммасининг иложи бор.

- Агар сир бўлмаса, қайси жамоалардан таклифлар олдингиз?

- Менда бир қатор таклифлар бўлди. Жумладан, ўз юртим - Сербиядан ва хориждаги бир қанча клублардан.

роган2

- Собиқ жамоангизнинг бугунги ҳолатига ачиняпсизми ёки сизга барибирми?

- Албатта, ачиняпман ва “Динамо”га мухлислик қилишда давом этмоқдаман. Мен учун клубнинг аҳволидан бохабар бўлиб туриш зарур. Чунки Самарқандда вақтимни жуда яхши ўтказдим. Кўплаб дўстлар орттирдим. Ҳаммаси учун барчаларига яна бир бор раҳмат айтмоқчиман. Фурсатдан фойдаланган ҳолда жамоа мухлисларига саломимни етказишни истайман.

- “Динамо”ни тарк этаётган пайтингизда вазият ижобий томонга ўзгариши мумкинлигини кутганмидингиз?

- Ўша пайтда клубни тарк этганимдан энди афсусланмоқдаман. Ҳаммасини тарозига солиб ўлчамаган эканман. Агар жамоада қолганимдами...Балки вазиятни ўнглаган бўлардим?..

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!