Диёр Имомхўжаев: Бу учрашув шамол жанги сифатида ёдда қоладиган бўлди

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев "Металлург" клубидаги ўзгаришлар ҳақида гапирди.

"Суперлига 3-туридан ўрин олган Металлург — Сурхон учрашувини Бекободда кузатдик. Келажакда бу учрашув шамол жанги сифатида ёдда қоладиган бўлди.

Шу куни Металлургия комбинати ижрочи директори Дилшод ака Аҳмедов билан учрашув бўлиб ўтди. Насиб бўлса, июнь ойи сўнгига қадар стадион прожекторлари 2000 люксгача олиб чиқилади. Сентябрга қадар клубга тегишли қатор футбол майдонларининг ҳолатини сезиларли яхшилаш имконини берадиган замонавий технологиялар сотиб олинади. Мавсум якунида эса асосий стадион дренаж тизими янгиланади ҳамда майдон майсаси алмаштирилади. Бу бизга 2023 йилги мавсумда яна бир ажойиб футбол майдонга эга бўлиш имкониятини беради. Бекободдаги стадионда югуриш йўлаклари йўқлиги инобатга олинса, етарли даражадаги ёруғлик ҳамда сифатли майдон чими билан ҳақиқий инглизча муҳит ҳосил қилиш имконияти мавжуд.

Металлург базаси Суперлига клублари билан солиштирганда энг замонавийларидан бири. Базанинг машғулот майдони июнь ойига қадар тайёр бўлади. Шунингдек, клуб академиясида умумий ҳисобда 2 тадан катта сунъий ва табиий майдонлар йил якунигача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Таҳминан 2026 йилга келиб, Металлург Насаф сингари лойиҳага тўлиқ айланиб улгуради. Бугун бу йўлда жуда катта қадам ташлаб бўлинган. Мазкур лойиҳа Тошкент, Тошкент вилояти, Сирдарё, Жиззах ва бошқа вилоятларнинг иқтидорли ёшларини қамраб олади.

Маълумот учун, Металлург 2022 йилги мавсум учун фақатгина 1 нафар легионер футболчини рўйхатдан ўтказди. У ҳам қўшни Тожикистондан. Қолган ҳолатларда клуб маҳаллий футболчиларга эътибор қаратмоқда ва уларнинг камол топиши учун испаниялик мутахассислар хизматидан фойдаланмоқда", - деб ёзди Диёр Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!