Диёр Имомхўжаев: Бундай жамоа Тошкентда сарсон бўлмайди

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги саҳифасида ОФК лицензиялаш жараёни бошланаётгани ва бу борада "Сўғдиёна" клубида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

"Тез орада ОФК лицензиялаш жараёнини бошлайди. Унда учраши мумкин бўлган камчиликлар юзасидан ЎзПФЛ иш бошлаган.

27 март куни Жиззахда бўлдик. "Сўғдиёна" президенти билан учрашиб, қатор масалалар юзасидан келишиб олдик. Тез орада футбол клуби учун янги база ишга тушади. Тоғ ён бағрида жойлашган базада асосий таркиб учун барча қулайликлар бўлади. Бундай базаси бор клуб Тошкентда сарсон юриши ёки меҳмонхоналар учун катта чиқим қилиши шарт бўлмайди.

Шунингдек, "Сўғдиёна" тоғ этагидан ўз академияси учун ер олиб улгурган. Қурилиш ишлари тез орада бошланади. Академия жойлашган ҳудудга фақат ҳавас қилиш мумкин, барчаси режадагидек бўлса, 4-5 йилдан кейин Жиззахдаги академия ҳам секин-аста сифатга киради. Маҳаллий футболчиларнинг ўзида катта футболга кириб бориш учун яхши имконият пайдо бўлади.

Клуб устави, ОФК талабидаги мутахассисларнинг клуб штат-жадвалида акс этиши, аудиторлик текшируви хулосаларининг ОФК платформасига ўз вақтида жойланиши каби масалаларда бир қатор ишлар мавжуд. Уларни тўғрилаш масаласида клуб билан биргаликда ишлаймиз", - деди Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!