Диёр Имомхўжаев футболчиларни огоҳлантирди!

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграм канали орқали қарздорлиги мавжуд клубларнинг янги футболчиларига лицензия тақдим этилмаслигини маълум қилди.

“Профессионал футболчилар ва уларнинг воситачилари диққатига!

Агар сиз ёзги трансфер ойнасида ўз клубингиз билан амалдаги шартномани бекор қилиб, бошқа клуб сафига қўшилмоқчи бўлсангиз, биз сизга шошмасликни маслаҳат берамиз. Зеро ЎзПФЛ қарздорлиги мавжуд футбол клубларининг янги футболчиларига лицензия тақдим этмайди. Бу эса камида ярим мавсум расмий ўйинларда иштирок эта олмаслигингизни билдиради.

Шундан келиб чиқиб, амалдаги шартномангизни ҳурмат қилинг. Кетиш зарурати вужудга келаётган бўлса, Футболчилар уюшмаси ёки ЎзПФЛ орқали янги клубингиз ҳақида маълумот олишингиз мумкин. Биз бу орқали ўз ҳақини вақтида ололмаётган футболчилар, мураббийлар ва футбол клубларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳар қандай клуб аввал қарзларини бартараф этиши ва шундан кейин янги харид ҳамда келишувларга қўл уриши шарт”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ ЎзПФЛ футбол клубларидаги қарздорликлар масаласини ўрганишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!