Диёр Имомхўжаев: "Легионеримизда Осиё клубларига кўриниш учун яна 5 та имконият бор"
ОЧЛ 1-турида Тожикистоннинг "Истиқлол" клуби Қатарнинг "Ал-Райян" жамоасига қарши майдонга тушиб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Эътиборлиси, тожикистонликлар таркибида ҳаракат қилаётган легионеримиз гол уришга муваффақ бўлди. Диёр Имомхўжаев ўз "Телеграм" канали орқали бу футболчимиз ҳақида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди:
"Чемпионлар лигасида гол урган Муҳаммад Исаев фаолияти кўпчилик учун қизиқ бўлса керак. Чунки у бир қадам ортга ва икки қадам олдинга ташлаётган кам сонли футболчиларимиздан бири.
Исаев "Гулистон" жамоаси орқали футболга кириб келган. 1994 йилда туғилган футболчи кейинроқ Олмалиқ, Бекобод қилиб юрди. Ўтган мавсум ижара асосида "Андижон"да озгина ўйнади ва кейинроқ "Металлург" орқали Душанбенинг "Истиқлол" клубига йўл олди.
Тожикистон чемпионати бизникидан кучсиз. Аммо "Истиқлол" футболчиларимизни янада каттароқ майдонга олиб чиқишга қодир. Ўтган мавсум қўшниларимиз Чемпионлар лигасида ҳамманинг оғзига тушди. Бунинг натижасида ўзимизнинг клублар "Истиқлол" футболчиларига кўз тикишни бошлади. Муҳаммад Исаев эса шу ёшида "Насаф", "Пахтакор" ёки бошқа байроқдор клубнинг асосий таркибига жойлашиши қийин. У Осиёга ўзини "Истиқлол" орқали кўрсатишга рози бўлди. Унинг қарорини олқишлаш мумкин. Чунки лигамизнинг ўртамиёна футболчиси кеча Қатар клуби дарвозасига йўл топди. Унда айтайлик, Осиё клубларига кўриниш учун яна 5 та имконият бор. Биз "Истиқлол"га ҳам, футболчимизга ҳам омад тилаймиз".
Фикрлар