Диёр Имомхўжаев "Нефтчи" – "Турон" ўйинидан кейинги ҳолатга ўз муносабатини билдирди
Про лига 20-туридан ўрин олган "Нефтчи" ҳамда "Турон" жамоалари ўртасидаги ўйиндан (0:1) сўнг, мезбонлар футболчисининг бош ҳакам Шавкат Насибуллаевга ташлангани акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди. ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев мазкур ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Нефтчи" – "Турон" учрашуви ҳакамлари ўйинни эътирозларсиз бошқариб борди. Улар билан ҳозир ҳаммаси жойида. ЎзПФЛ мураккаб учрашувда ишлаган ҳакамлар бригадасига миннатдорлик билдиради.
Шунингдек, учрашувни бошидан охирига қадар стадиондан кузатиб борган, тақдирлаш маросимида иштирок этган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровга миннатдорлик билдирамиз. Учрашув фантастик руҳда ўтди ва у узоқ йиллар унутилмайдиган бўлди. Учрашувдан кейинги ҳолатлар ЎФА томонидан алоҳида ўрганилади", - деб ёзди Имомхўжаев "Telegram"даги ўзининг саҳифасида.
"Истиқлол" стадионида бўлиб ўтган беллашувда "Турон" жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Про лигада 38 очко тўплаган ҳолда Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Мазкур баҳсни наманганлик Шавкат Насибуллаев бошқариб борди. Унга қанотларда Ришат Нугманов ва Дониёр Сайлавов ёрдам берди.
Фикрлар