Диёр Имомхўжаев: Ниҳоят...
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев "Сўғдиёна" клуби ниҳоят ўз базасига эга бўлганини маълум қилди.
- "Сўғдиёна" клуби ва ниҳоят ўз базасига эга бўлди. Базада жамоа истиқомат қилиши учун барча шароит бор: бассейн, сауна, тренажер зали, ошхона, митинглар хонаси, U-21 ва аёллар жамоалари расмий ўйин ўтказиши, асосий таркиб эса машғулот олиб бориши учун стадион ва ҳоказо. Шанба куни клуб базанинг расмий очилиш маросимини ўтказди.
Бунга қадар клуб йиғинлар давомида асосан отеллардан фойдаланиб келган. Эндиликда ўз базасига эга футбол клуби сифатида "Сўғдиёна" йилига 1-1,5 миллиард сўмни иқтисод қилиш имкониятига эга бўлади. Биласизки, ўз стадиони, базаси, академиясига эга бўлмаган жамоани биз том маънода нормал клуб дея олмаймиз. Жиззахда айни вақтда "Сўғдиёна" учун стадион мавжуд ва унинг ёритиш тизими талабга жавоб беради. Эндиликда клуб учун база масаласи ҳал этилди. Навбат футбол академиясига.
Жиззах яқин икки йилда 2 та яхши футбол академиясига эга бўлади. "Сўғдиёна" клуби ўз академияси учун ер масаласини тўлиқ ҳал қилиб, унинг қурилиши учун сметани молиядан тасдиқлатиб улгурган ва қурилиш бошланган. Шунингдек, вилоятдаги футбол маҳорат мактаби "Сўғдиёна" академиясига рақобатчи сифатида янгидан қурилади.
Демак, 2023 йилги мавсум олдидан "Сўғдиёна" ҳам "Насаф" ва "Бунёдкор" каби лойиҳага айланиб улгуради. Умуман олганда вилоят футболи сўнгги 3 йилда сезиларли ўсишга эришаётганини натижалар ҳам кўрсатиши мумкин. Асосий жамоа икки мавсумдан бери совринли ўринлар ва халқаро майдон учун ҳаракат қилади, айни вақтда Суперлигада "Пахтакор"дан кейин 2-ўринни эгаллаб турибди. Аёллар жамоаси босқичма-босқич ўсди ва ҳозирда чемпионатда 5 очколик фарқи билан пешқадам. Футзал жамоаси эса ўтган мавсумни "Пахтакор" ва АГМКдан кейин кучли учликда якунлади. Бу мавсум олдидан чемпионлик учун асосий даъвогарлар — жамоа таркиби анча кучайтириляпти.
Сўнгги йиллардаги бу ўзгаришларда биз клуб президенти Ўктам Маҳмуджонов ҳамда вилоят ҳокими Эргаш Солиев хизматини кўрамиз. Аҳамиятлиси, бу ерда вилоят ҳокими футзал жамоаси таркибида ЎзПФЛ рўйхатидан ўтади ва ўйинларда иштирок этади. Натижа вақти билан келади. Муҳими клуб ўз пойдеворига эга бўлиши. Бугунга келиб Жиззах бу борада сезиларли қадамлар ташлаб улгурди.
Фикрлар