Диёр Имомхўжаев: Тожикистонлик футболчилар таҳсинга лойиқ
ЎзПФЛ директори лавозимини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўз "Телеграм" саҳифасида кеча бўлиб ўтган АГМК - "Истиқлол" баҳси ҳақида пост қолдирди:
"Ўйин ёрқин бўлди. Биз қўшнилар билан мана шундай дербиларда кўпроқ иштирок этишимиздан ҳар икки томон ютади.
Тожикистонлик футболчиларга бир жиҳат билан ташаккур айтиш мумкин — улар ўйин вақтини сунъий чўзишга интилмади, бу таҳсинга лойиқ.
АГМК Чемпионлар лигасида икки хил ўйин ўтказди. Дастлабки хулоса шундайки, АГМК иккинчи рақамда ёрқинроқ кўринди. Жавоб ўйинини интиқлик билан кутамиз.
Ўзбекистон ва Тожикистон футболини фақатгина шу ўйин билан солиштираётганлар диққатига: АГМК мамлакатимизнинг учинчи клуби, "Истиқлол" эса Тожикистоннинг биринчи рақамли жамоаси. Биз ғалати солиштиришларга вақт сарфлашимиз эмас, хатолар устида ишлашимиз керак. Пандемия тезроқ йўл берса, 2022 йилда Марказий Осиё мамлакатлари иштирокида Лига кубогини ташкил этиш масаласига ҳам жиддий ёндошишимиз шарт. Биз қардошлармиз, биз бир-биримизга яхши ойна бўла оламиз", - деб ёзади Имомхўжаев.
Фикрлар