Диёр Туропов: "Бугун "Сўғдиёна"га қарши ўйин кескин ҳамда шиддатли курашлар остида кечиши аниқ"
Ўзбекистон кубоги ярим финалидан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 28 ёшли тажрибали ярим ҳимоячиси Диёржон Туропов бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Хабарингиз бор, жамоамизнинг олдига жорий мавсумда юксак мақсад, яъни, Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Албатта, Ўзбекистон кубоги соҳибига айлансак ҳам, 2023 йилги мавсум ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма оламиз.
Аммо рақибимиз ҳам анойи эмас ва “Сўғдиёна” ОФК кубогида иштирок этиб, анча тажриба тўплаб олди. Шу боис, бўлажак рақибимиз жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилади. Шунинг учун бўлажак учрашув кескин ҳамда шиддатли курашлар остида кечиши аниқ. Боиси, мазкур ўйинда дуранг бўлмайди ва қайсидир жамоа зафар қучиши шарт.
Биз ҳам мазкур ўйиннинг қандай аҳамиятга эга эканлигини тушуниб турибмиз ҳамда бўлажак беллашувда ғалаба қозониш, мухлисларга қувонч улашиш, финал йўлланмасини қўлга киритишга интиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Боиси, жорий мавсумда Ўзбекистон кубогини ҳам қўлга киритишни ният қилганмиз. Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан.
Фурсатдан фойдаланиб, бизга барча шароитларни яратиб бераётган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, шунингдек, “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти, жумладан, клуб президенти Отабек Арифович Саматовга жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман", - деди наманганликлар аъзоси.
Манба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар