Долера Давроновага ўсмир Олимпиадасининг кумуш медали топширилади

Долера Давронова 2018 йил Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги учинчи ёзги Олимпия ўйинларида терма жамоамиз ҳисобига медаль келтирган спортчиларимиздан бири. Оғир атлетика бўйича +63 килограмм вазн тоифасида қатнашган қизимиз мусобақада бронза медалига сазовор бўлган. Мазкур баҳсда таиландлик Супатчанин Хамхаенг барча рақибалирини катта фарқ билан ортда қолдириб, олтин медалга эга чиққан эди. Аниқланишича, ушбу спортчи мусобақадан кейин допинг учун топширган таҳлиллари ижобий натижа берган. Эндиликда таиландлик атлетнинг натижаси йўққа чиқарилди. Бу эса Долера Давронованинг кумуш медалига эга чиқишини англатади, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси. 

Эслатиб ўтамиз, Давронова мазкур мусобақа даст кўтаришда 92 кг, силтаб кўтариш машқида 125 кг ва икки кураш бўйича эса 217 килограмм натижа қайд этган. Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерацияларининг олдинда турган Ижроқўм йиғилишларидан бирида мазкур воқеа юзасидан расмий баёнот берилади ва спортчимизга ўсмирлар Олимпия ўйинларининг кумуш медали топширилади.

Шу тариқа Буэнос-Айрес ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси жамғарган медаллар 5 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронзани (бундан аввал 5 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза эди) ташкил этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!