Долзарб мавзу: VAR тизими учун бизга қанча қовун пишиғи керак?
Ads

Россияда ўтган Жаҳон чемпионатида қўлланган VAR тизими кўпчилик мутахассисларда ижобий таассурот қолдиргач, ўзбек футболи ихлосмандлари орасида ҳам ушбу тизимга қизиқиш билдирганлар сони кўпайиб кетди. Айниқса, бирор баҳсга нисбатан шубҳали нигоҳ билан қаровчилар орасида “Pepsi Суперлигада ҳам VAR тизимини қўллаш лозим” дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Хўш, бизда ушбу тизимни қўллашнинг ҳақиқатда имкони борми ёки бунга ҳали анча қовун пишиғи керакми? Келинг, бугун айнан мана шу мавзу ҳақида гаплашамиз.

VARнинг ўзбек футболида қўлланиши борасида фикр билдиришдан олдин ушбу тизим ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз. 

VAR тизими жуда катта ва мураккаб тизим ҳисобланиб, у ўз ичига юқори технология билан ишловчи катта гуруҳни қамраб олади. Хусусан, ушбу тизимдан фойдаланишда видео ассистентлар гуруҳи учун стадионда махсус хона ажратилади. Бунда VAR, AVAR1, AVAR2, AVAR3 кабилардан иборат 4 та ҳакам видеотакрорлар орқали бош ҳакамга учрашувни мукаммал даражада бошқаришда кўмаклашади.

Яъни ушбу 4 та ҳакам ўйинда юзага келган вазиятларни энг мукммал ракурслардан камерага муҳрлаши лозим бўлади. Улардан 2 нафари умумий вазиятни ойдинлаштирувчи ракурсларни танлаб олса, қолган 2 нафари бош ҳакам учун энг қулай бўлган тасвирларни танлаб олади.

Яъни, VAR (бош видео ассистент) асосий монитор орқали вазиятларни кузатиб боради ва зарур пайтда бош ҳакамни видео такрорлар билан таъминлайди. AVAR1 (видео ассистент ёрдамчиси) асосий экран қаршисида учрашувни кузатиб, вазиятни текшириш ёки қайта кўриб чиқиш лозимлиги бўйича огоҳлантиради. AVAR2 учрашувда юзага келадиган оффсайд ҳолатлари бўйича видео ассистентни огоҳлантиради. AVAR3 VARнинг шубҳали вазият вақтидаги видео такрорнинг бош ҳакамга узатишида кўмаклашади. Шунингдек, оффсайд ҳолатларини кузатиб бораётган AVAR2 ва VAR ўртасидаги сифатли алоқани таъминлаб беради.

Ушбу тизим асосан 4 ҳолатда: голни аниқлаш, пенальти белгилаш, карточкалар кўрсатиш вақтида ва жазоланиши лозим бўлган футболчини аниқлашда бош ҳакамга кўмаклашади.

Ўйин вақтида ҳакам бирор вазиятни кўздан қочирган тақдирда, VAR ҳакамлар гуруҳи бош ҳакамни вазиятдан огоҳ этади. Бош ҳакам эса қуйидаги вазиятларда ўз қарорини қайта кўриб чиқиши мумкин:

Гол бўлган вазиятда ҳужумчи томонидан қўполлик ишлатилган бўлса ва оффсайд қайд этилса;

Пенальти ўрнатилган ёки бекор қилинган вазиятда ҳакам жаримага сабаб бўлувчи ҳар қандай фол, ёки ҳужумчи томонидан қоида бузилган ҳолатда;

Бундан ташқари, ҳакам карточкага сабаб бўлувчи ҳар қандай вазиятни қайта кўриб чиқади. Шунингдек, ушбу тизим қоидани бузган футболчини аниқлашда ҳам самаралидир.

Шу билан биргаликда, ҳакамнинг маълум вазиятни қайта кўриб чиқиши учун техник ҳудудда махсус монитор ажратилади.

201831764727222525040
Агар бош ҳакам бирор вазиятни қайта кўриш учун VAR томонидан огоҳлантирилса, ҳакам ўйинни тўхтатади ва қўлини қулоғига текказган ҳолда ишора беради. Вазиятни қайта кўриб чиққач, қарорини қўллари билан ҳавода тўртбурчак шаклини чизган ҳолда, эълон қилади.

Шуни қайд этиш лозимки, VOR (Video operation room) фақатгина бир хонада ўтириб, бош ҳакам билан алоқа қилувчи ҳакамлар гуруҳи жойлашган хона билангина чекланмайди. Яъни ушбу тизимни тўла йўлга қўйиш учун 37 та камерадан фойдаланилади: ҳаракатни супер секинлаштирувчи, ҳаракатни энг юқори даражада секинлаштирувчи, ўта юқори даражадаги сифатли тасвир узатувчи HD камералар ва VAR оффсайд камералари.

Хусусан, юқорида номи қайд этилган, ҳакамлар учун мўлжалланган махсус камералардан ташқари, юқори технологиялик телевизион камералар ҳакамлар ишини яна енгиллаштиради. Мисол учун бир жойга қотирилган камера “ўргимчак” камерачалик вазиятни қай даражада ривожланишини батафсил кўрсатиб бера олмаслиги мумкин. Шундай экан ушбу тизимда ҳар бир технология ўзига хос ўринга эга.

Хўш энди асосий саволга тўхталсак, ўзбек футболида ушбу тизимнинг қўлланилиш имкониятлари қандай? Клубларнинг молиявий ҳолати VAR тизимини кўтара оладими? Стадионларнинг инфратузилмаси-чи?

Бу борада бирор фикр айтишдан аввал келинг, ушбу тизимни қўллаш учун керак бўлувчи баъзи харажатларни ҳисоблаб кўрамиз.

Дарвоза орқасидаги кичик камералар 1 172 х 2 = 2 344 АҚШ доллари

Дарвоза орқасидаги асосий камера крани 29 500 х 2 = 59 000 АҚШ доллари

Дарвоза ортидаги асосий камералар 36 800 х 2 = 73 600 АҚШ доллари

Ultra Slow Motion камера объективлари 133 490 х 6 = 800 940 АҚШ доллари

Ultra Slow Motion камералари 18 000 х 6 = 108 000 АҚШ доллари

Дарвозаларнинг тепа бурчаклари учун Go Pro камералари 270 х 2 = 540 АҚШ доллари

Ultra High Definition камералари 25 000 х 2 = 50 000 АҚШ доллари

Ultra High Definition камералари объективи 130 000 х 2 = 260 000 АҚШ доллари

Ўргимчак камералар тизими 5 000 000 АҚШ доллари

Бу ушбу тизим учун зарур бўладиган харажатларнинг ҳаммаси эмас. Бу шунчаки, ҳали муаллиф томонидан тахминий бўлса-да нархини аниқлашга муваффақ бўлинган камералар учун кетадиган харажатлар миқдори.

Агар ушбу рақамларнинг умумий қийматини ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, ўртача 6 350 000 АҚШ доллари атрофидаги рақам келиб чиқади. Агар буни сўмга айлантирсак, 51 млрд сўмдан ортиқни ташкил этади. Бунда офсайд камералари тизими ҳисобга олинганича йўқ. Шунингдек, VAR тизимини ўрнатиш, унинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш учун кетадиган харажатлар ҳам ҳисобланмади.

Мавсум бошида ПФЛ томонидан Pepsi Суперлига клубларининг ўртача йиллик смета баланси 25 млрд сўмдан кам бўлмаслиги белгиланган эди. Бироқ ушбу талабни Суперлиганинг барча клублари ҳам бажара олишмаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Шунингдек, Ўзбекистонда “ўргимчак” камера талабларига жавоб бера оладиган стадионлар ҳам бармоқ билан санарли. Ўша талабларга жавоб берадиган клубларнинг эса бюджет масаласида муаммолари етарлича. Ёки аксинча.

Энди яна юқоридаги саволга қайтамиз. Ўзбекистонда VAR тизимини қўллаш мумкинми? Жавоб битта айни ҳолатда бизга а-анча қовун пишиғи бор.

P.S: Ушбу мақолада кўрсатилган нархлар ўқувчига маълум манбадаги кўрсаткичлар билан мос келмаслиги мумкин.