Дониёр Абдуманнопов: "Менимча, ҳамма "Пахтакор"нинг таклифини иккиланмасдан қабул қилса керак"
Иқтидорли ярим ҳимоячи Дониёр Абдуманнопов янги мавсумни “Пахтакор” клубида бошлашини билсангиз керак. Ўтган мавсумни “Навбаҳор”да тугатган ўйинчи энди “Шерлар”га айланди. Шундан сўнг Абдуманнопов Sports.uz сайтига интервью берди.
- Дониёр, сиз чемпион жамоага ўтдингиз. Ушбу таклиф қачон бўлганди ва ҳаммаси қандай юз берди?
- Талкиф олдин ҳам бўлган. Ўтган йили иккинчи даврада “Навбаҳор”га ўтишимдан аввал ҳам “Пахтакор”дан таклифлар тушган. Мақсадим элитада тўп суриш ва четда омадимни синаб кўриш. Мен футболчи сифатида янада ўсишим учун “Пахтакор”ни танладим. Умид қиламанки, бу клуб фаолиятимда трамплин бўлади.
- “Пахтакор”даги дастлабки таассуротларингиз қандай ва бош мураббий Максим Шацких сизга нима деди?
- Ҳаммаси ажойиб. Ўзим бу ерда худди эски ўйинчилардек ҳис қиляпман. Футболчилар билан яхши чиқишиб кетдим. Жамоада барча йигитлар таниш, бегонаси йўқ. Мураббий хуш келибсан, ўзингни кўрсат, дея менга ишонч билдираётганини айтди.
- “Пахтакор”да ўзингиз учун рақам танладингизми?
- Ҳа, 33-рақамда тўп сураман.
- Фаолиятингизни кузатар эканмиз, асосан 33-рақамда ўйнайсиз. Бу сиз учун нимани англатади?
- Бошқа рақамда ҳам тўп сурганман, асосан иккинчи даврада бошқа клубга ўтганимда бу бандлиги учун бошқасида ўйнаганман. Катта футболга кириб келганимда биринчи бўлиб 33-рақамда бошлаганман. Шу бўйи қолиб кетган ва ўзимга ҳам ёқиб қолган.
- “Пахтакор” Ўзбекистоннинг байроқдори. Илк бор чемпион жамоага ўтдингиз. Сиз учун қандай туюляпти, унинг салобати сезиляптими?
- Ҳа, албатта. Менимча, ҳамма “Пахтакор”нинг таклифини иккиланмасдан қабул қилса керак. Клуб ҳар йили чемпионлик учун курашади. “Пахтакор” Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жамоаси. Клубни ҳамма билади, хорижда ҳам яхши билишади. Айтиб ўтганимдек, мен учун яхши трамплин бўлади. “Пахтакор” билан чемпионликни қўлга киритмоқчиман. Мақсадим ўзимни ҳар томонлама кўрсатиш.
- Ўтган йили мавсумни “Бунёдкор”да бошлаб, “Навбаҳор”да тугатдингиз. Нимаси билан ёдда қолди ёки аксинча...
- Ўтган йили мен учун яхши ўтди. Биринчи марта Осиё Чемпионлар лигасида тўп сурдим. Илгари сира ўйнамагандим. Менимча, 2023 йилги мавсум яхши бўлди, деб ўйлайман.
- “Навбаҳор”да ҳам сиз учун ҳаммаси яхши эди. У ердан нима учун кетдингиз?
- Ўйнаш имкониятим 50х50 бўлди. Бу ерга иккинчи даврага рақобатга тайёр бўлиб келганман. Шунчаки, жамоадан кетишни ўзим хоҳладим.
- Рости, сизни легионер сифатида четда тўп суришингизни кутгандим...
- Ҳа, четдан вариантлар бўлди. Аммо яна Ўзбекистонда барқарор ўйнаб, тажрибамни янада ошириб кейин кетмоқчиман.
- Айнан қаердан таклифлар бўлганди?
- Агентларим билишади. Туркиядан деб айтишди. Яна бир-иккита жойни айтишди. Қизиқ эди. Аммо агентим ҳам яна Ўзбекистон чемпионатида қолиб, ўзимни кўрсатишим муҳимлигини таъкидладилар.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар