Donnarummani goldan qutqargan Husanovning oʻyini haqida ekspertlar nimalar dedi?
Англия Премьер-лигасининг 21-турида “Манчестер Сити” ўз майдонида “Брайтон”ни қабул қилиб, учрашувда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва яна очко йўқотди.
Шу тариқа, Хосеп Гвардиола шогирдлари 2026 йилдаги дастлабки учта баҳсда рақибларини енголмади ва ҳали ғалаба қозона олгани йўқ.
Гарчи ўйин “Манчестер Сити” майдонида ўтган бўлса-да, меҳмонларнинг ҳужумлари хавфлироқ чиқди. Кульминацион нуқталардан бири биринчи бўлим ўрталарига тўғри келди.
“Шаҳарликлар” ижарадан қайтарган ва шу куни дебют учрашувини ўтказган Макс Аллейн подкатда хато қилди ва Жоржиньо Руттер Абдуқодир Ҳусановни ортда қолдириб, дарвозабон билан яккама-якка чиқди. Бироқ ўзбекистонлик ҳимоячи ажойиб тезлик намоён этиб, рақибни қувиб етди, тўпни олиб қўйди ва аниқ голни бартараф этди.
37-дақиқада Жереми Доку жарима майдонида тўхтатилди. Аввалига ҳакам пенальти бермади, аммо VAR орқали қарор ўзгартирилди ва Эрлинг Холанд “Сити”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
“Брайтон” эса, ўйиннинг иккинч ярмида кутилмаган ҳолатда ҳисобни тенглаштирди. Тўп тасодифан Аярига келиб қолди, у эса Каору Митомага узатди. Япон ҳужумчи марказга ўтиб, кучли зарба билан тўпни узоқ бурчакка жойлади.
Нуфузли манба – cityxtra.co.uk портали экспертлари “Манчестер Сити” ўйинчилари ҳаракатларига қуйидагича баҳо ва изоҳ берди.
Жанлуижи Доннарумма — 6,5/10
Илк дақиқаларда бир неча сейв қилди, айниқса Гросснинг бош билан йўллаган зарбасини қайтариши чиройли чиқди.Бурчак тўпларида ҳали ҳам ишончсизлик сезилади, аммо у дарвозани қўриқлашди дунёдаги энг яхшилардан бири.
Матеуш Нуньеш — 6,5/10
Ўнг қанотда Бернарду Силва билан яхши ҳаракат қилди, бир неча бор ҳимоя ортига чиқди. Бироқ сўнгги узатмаларда янада аниқлик етишмади.
Абдуқодир Ҳусанов — 7,5/10
Ёш ҳимоячи бу ўйинда ўз ҳаракатларини тўлиқ назорат қилди ва шиддати билан ажралиб турди. Аллейнни суғурталашда тезлигидан маҳорат билан фойдаланди. Яқин ойларда у ҳақиқий элита даражасидаги марказий ҳимоячига айланиши мумкин.
Макс Аллейн — 7,5/10
Бурчакдан кейин яхши имкониятга эга бўлди, аммо ундан фойдалана олмади. Шунга қарамай, ишончли ўйнади ва мавсумни кучли бошлаганини яна бир бор тасдиқлади.
Натан Аке — 6,5/10
Ўта ёрқин ўйнамаган бўлса-да, барқарор ҳаракат қилди. Қанот ҳимоясида кўп ўйнагани унинг жисмоний ҳолати яхши эканини кўрсатди.
Нико Гонсалес — 6,5/10
Ҳимоя олдида ўз вазифасини яхши бажарди. Ёш марказий ҳимоячилар орқасида унга катта юк тушди, лекин у буни муносиб уддалади.
Фил Фоден — 5,5/10
Бир ой олдинги даражасидан паст ўйнади. Ўзи ёқтирган позицияда бўлса-да, ўйинга таъсири кам бўлди.
Тиджани Рейндерс — 6/10
Сўнгги ўйинлардаги даражада эмас эди. Эҳтимол, орқадаги ҳимоя чизиғи ўзгаргани уни эҳтиёткор ўйнашга мажбур қилди.
Бернарду Силва — 6/10
Ёмон эмас, лекин ҳал қилувчи вазиятларда аниқлик етишмади. Иккинчи тайм бошида ажойиб имкониятни қўлдан бой берди.
Эрлинг Холанд — 6,5/10
Биринчи таймда чарчоқ сезилди, иккинчисида эса фаоллашди. Пенальтидан гол уриб, қисқа голсизлик сериясини тўхтатди.
Жереми Доку — 7/10
“Сити” ҳужумида энг барқарор ўйинчи. Бирга-бир вазиятларда жуда кучли, бу мавсум самарадорлигини ҳам оширди.
Захирадан тушганлар
Родри — 6/10
Муҳим блок қилди, ўйинни назорат қилишда ёрдам берди. Аста-секин энг яхши формасига қайтиб бормоқда.
Нико О’Рейли — 6/10
Майдонга тушгач, ишончли кўринди. Яқин ҳафталарда янада яхши ҳолатга келиши кутилмоқда.
Рико Льюис — 6/10
Бу мавсумда кам ўйнаган бўлса-да, захирадан тушгач, ишончли ҳаракат қилди.
Райан Черки — 7/10
Унинг ўйинга қўшилиши жамоага жонланиш олиб кирди. Холандга яхши пас берди, кейинги ўйинда асосий таркибга кириш учун курашади.
Fikrlar