"Дўппи тор келиб қолса" Магомед Анкалаев курашдан фойдаланади (Таҳлил)
"UFC 308" турнирига ҳам оз фурсат қолмоқда ва "файт-кард"ддан ўрин олган жангчиларнинг имкониятлари ҳақида турли хил фикрлар янграётганлигига ҳам гувоҳ бўляпсиз. Кеча биз ушбу турнирнинг асосий кардидан ўрин олган дастлабки қарама-қаршилик Шара Буллет ва Армен Петросян жанги борасида фикр ва тахминий мулохазаларимиз билан ўртоқлашган эдик. Бугун биз яна бир қизиқарли тўқнашув Магомед Анкалаев ва Александр Ракич ўртасидаги баҳс ва имкониятлар ҳақида қисқача фикр юритамиз.
Магомед Анкалаев (18-1-1-1 NC) - Александр Ракич( 14-4)
- Бу жангда яққол фаворит маълум. Ҳа, бу Анкалаевдир! Тўғриси, доғистонлик жангчига анча аввалроқ чемпионлик жанги берилса адолатли бўларди. Бироқ, Дана Уайт ва UFCнинг ўзига хос сиёсати туфайли у чемпионлик жангидан бебаҳра қолмоқда. Ҳа, ушбу жангдаги ғалабадан сўнг, титул учун октагонга кўтарилиши мумкинлиги ҳақида гапирилмоқда. Бироқ, барчасини Дана Уайт ҳал қилади. Балки Магомед яна ўз имкониятини кутар. Хуллас, ярим оғир (93 кг) дивизионида Алекс Перрейрани ютиши мумкин бўлган жангчи айнан Магомед Анкалаев десам муболаға бўлмайди. Эҳтимол, Перрейранинг юлдузли онлари узоққа чўзилишини истаётгандир. Тўғри-да, барча молиявий фойда пуллик трансляциялардан тушади. Ҳар ҳолда, Анкалаевдан кўра Перрейранинг жангини томоша қиладиган мухлислар кўпроқ назаримда, шунинг учун ҳам Перрейра авайланаётган бўлса ажаб эмас.
Шу тариқа Анкалаевга яна бир синов берилди. Бу Александр Ракич! Ракич сўнги иккита жангида Ян Блахович ва Иржи Прохазкага имкониятни бой бериб қўйди ва бу сафар борини бериши тайин. Шу томонлама ҳам австриялик жангчи Анкалаев учун катта хавф туғдириши мумкин. Баъзаси асосан кикбоксинг бўлган Ракичнинг ҳар икки оёғида "даҳшат"ли лоу-кик зарбалари бор. Биласиз, Анкалаевнинг бундай зарбаларига тоқати йўқ. Бунга Анкалаевнинг Блахович билан жанги ҳам мисол бўла олади. Қолаверса, Ракичнинг грепплинг ва жиу-житсудан ҳам яхшигина хабари бор. Хуллас, "стойка"даги жангда Ракич доғистонлик жангчи учун ҳақиқий муаммо бўла олади.
Анкалаев ҳақида сўз юритсак, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, у жангда фаворит! Магомед Анкалаев самбо вакили ва кураши борасида ҳам фақат тилиқ фикрлар билдириш мумкин. Октагонни хис қилиши ва IQ ҳам ажойиб кўриниш олган. Тўғри, Ракични "стойка"сини эътироф этдик. Бироқ, Анкалаев UFCдаги дебют жангида Пол Крейгга "сабмишн" орқали мағлуб бўлганидан сўнг, у жуда ҳам ақлли тарзда жанг олиб боришга ҳаракат қилади. Кетма-кет промоушенда 10 та ғалабали серияга эга. Тўғри, Блахович билан дуранг (Аслида Анкалаев ғалабага лойиқ эди) ва Жонни Уолкернинг баҳонаси туфайли ҳисобга олинмаган жанг ҳам бор. Ўша ғалаба қозонган рақибларининг орасида "стойка"си мукаммал бўлганлар ҳам бор эди. Демоқчиманки, Доғистон вакилининг оёқ ва қўл зарбалари ҳам яхши қўйилган. Одатда, Анкалаев Жастин Гэтжи каби кучли тарафи курашдан камдан кам фойдаланадиган жангчи ҳисобланади. Бироқ, "дўппи тор келиб қолганда" у кучли жиҳатини ишга солади.
Бир сўз билан айтганда, Магомед Анкалаевнинг ушбу жангда имконияти юқори ва у катта эҳтимол билан муддатидан аввал ғалабани қўлга киритади. Анкалаев фаолияти мобайнида 18 та ғалаба қозонган бўлса, 10 тасини техник нокаут ва нокаут билан қўлга киритган. 8 тасида очколарга кўра эришган. Бу сафар ҳам Анкалаев техник нокаут билан ғалабани қўлга киритса керак, деган фикрдамиз. Имкониятларни 65/35 деган бўларкдик. Албатта, бу шунчаки шахсий фикрлар холос. Аслида нима бўлиши ҳозирча фақат Яратганга аён!
Асосий карддан ўрин олган Дэн Игэ-Лорен Мёрфи, Роберт Уиттакер-Хамзат Чимаев ва Илия Топурия-Макс Холлоуэй қарама-қаршилигига ҳам тез орада тўхталамиз.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади
Фикрлар