Холанд Ҳусановга ғаройиб тарзда мурожаат қилди!

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугунги кундаги энг машҳур футболчиси Абдуқодир Ҳусанов туғилган куни муносабати билан табрикларни қабул қилишда давом этмоқда.

Абдуқодир ўзига хос сана – 29 февралда туғилган. 29 февраль замонавий тақвим бўйича тўрт йилда бир келади. Шундан келиб чиқиб, Ҳусанов таваллуд аёмини ҳар тўрт йилда нишонлайди.

Аммо табрикларни 1 март куни қабул қилаверади. 22 баҳорни қарши олган футболчимизни “Манчестер Сити” клуби ҳам ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали табриклади. Табрикка жамоанинг бутун дунё бўйлаб тарқалган мухлислари ҳам қўшилди, улар ҳам пост изоҳига дилдаги гаплари ва табрикларини ёзишда давом этмоқда.

“Манчестер Сити” жамоасининг етакчи ўйинчиларидан Эрлинг Холанд ҳам Абдуқодирнинг шодиёнасини беэътибор қолдирмади.

Машҳур тўпурар ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Абдуқодир Ҳусановни табриклаш мақсадида “5 ёшинг билан!”, деб ёзиб қўйди.

Бу бежиз эмас. Абдуқодир туғилганидан бери беш мартагина 29 февралда туғилган кунини нишонлай олган холос. Қолган йилларда худди бу галгидек табрикларни мартнинг биринчи кунида қабул қилиб келяпти.

Таъкидлаш лозимки, Эрлинг Холанд ўзбек футболчисини у 2025 йилнинг 20 январида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га ўтганидан бери қўллаб-қувватлаб келади ва Абдуқодир билан дўстона муносабатга эга.

“Манчестер Сити” Ҳусановни 40 миллион еврога трансфер қилган эди. Абдуқодирнинг келиши “шаҳарликлар” ҳамон давом эттираётган авлодлар алмашинуви ва таркиб янгиланишининг бошланғич нуқтаси ҳисобланади.

Ушбу клуб Ҳусановдан кейин ўз таркибига Клаудио Эчеверри, Витор Рейс, Умар Мармуш, Нико Гонсалес, Маркус Беттинелли,  Тижани Рейндерс, Райан Айт-Нури, Райан Шерки, Жеймс Траффорд, Жанлуижи Доннарумма, Антуан Семеньо ва Марк Гехи каби футболчиларни қўшиб олди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Хосеп Гвардиола жамоасида ҳали таркиб ўзгаришлари давом этади ва бир неча ёши катта ўйинчилар ўрнига истеъдодли ёш ижрочилар келади.

Қувонарли томони шундаки, жорий мавсумда Абдуқодир Ҳусанов жамоанинг асосий таркибига киришни уддалади. Ҳам ҳимоянинг ўнг қаноти, ҳам марказида ишончли ўйнай оладиган легионеримиз Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги, Лига кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида доирасида жами 23 та маротаба майдонга тушди.

Англия футболи таҳлилчиларию танқидчилари, мураббийлар штаби, экспертлар ва “шаҳарликлар” бутун дунёга ёйилган ишқибозлари Ҳусановнинг ўйинини ва маҳоратини юқори баҳолаб келмоқда.

 Улар орасида Ҳусанов ҳам бор! Ҳуштакбозликдан кейин Гвардиола рўза тутган футболчиларини ҳимоя қилди.

Экспертлар хулосаси Ҳусановни хурсанд қилди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!