Улар орасида Ҳусанов ҳам бор! Ҳуштакбозликдан кейин Гвардиола рўза тутган футболчиларини ҳимоя қилди.

Англия Премьер-лигасининг 28-турида “Манчестер Сити” футболчилари “Лидс” майдонидан қийинчилик билан эришилган минимал ҳисобдаги ғалаба билан қайтди. Антуан Семеньонинг танаффусга чиқиш олдидан урган ягона голи ягоналигича қолди.

Учрашувда “Манчестер Сити”даги мусулмонлар футболчиларнинг рўзаси очиб олишига имкон бериш мақсадида қисқа танаффус берилди. Бу ҳолат “Лидс”нинг айрим мухлислари эътирозига сабаб бўлди.

“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола “Элланд Роуд” стадионида “Лидс Юнайтед” мухлисларининг бир қисми томонидан биринчи бўлимда Рамазон рўзасини тутаётган футболчиларга ифтор қилиш имконини бериш учун қилинган танаффус ҳуштакбозлик билан қарши олинганидан сўнг уларни кўпроқ “ҳурмат”га чақирди.

Дунё бўйлаб мусулмонлар муқаддас Рамазон ойида қуёш чиқишидан ботишигача рўза тутадилар ва бу жараёнда “Манчестер Сити”нинг кўплаб ўйинчилари ҳам иштирок этмоқда.

Мухлислар ҳуштаги Премьер-лига ўйинининг 13-дақиқасида, Ғарбий Йоркширда қуёш ботишига тўғри келган пайтда янгради, ҳакам ўйинни вақтинча тўхтатиб, “Манчестер Сити”нинг уч нафар мусулмон футболчисига рўзани очиш имконини берган эди. Умар Мармуш, Райан Айт-Нури ва Райан Шерки бу имкониятдан фойдаланиб, оғиз очди.  “Манчестер Сити”нинг яна бир мусулмон футболчиси Абдуқодир Ҳусанов эса захира ўриндиғида қолган эди.

Учрашувдан кейин Гвардиола ушбу ҳолатга изоҳ бериб, эътиқод ва хилма-хилликни  ҳурмат билан қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

- Бу замонавий дунё, тўғрими? Ҳозир дунёда нима бўлаётганига бир қаранг. Эътиқодни  ҳурмат қилиш ва хилма-хилликка бағрикенг бўлиш керак, ҳамма гап шу ҳақда. Премьер-лига рўзани очиш учун бир-икки дақиқа ажратиш мумкинлигини айтди ва футболчилар шундай қилишди. Бор гап шу, - деди Гвардиола.

Дискриминацияга қарши курашувчи Kick It Out гуруҳи кейинчалик баёнот бериб, ушбу танаффусни “бир неча йилдан бери амал қилиб келаётган келишилган протокол”, деб атади.

Гуруҳ баёнотида шундай дейилган: “Бугун кечқурун “Элланд Роуд”да биринчи бўлимда рўзасини очаётган “Манчестер Сити” футболчиларига “Лидс Юнайтед”нинг баъзи мухлислари ҳуштак чалгани жуда ачинарли”.

Таъкидлаш лозимки, бу протокол 2021 йили амалиётга тадбиқ этилган бўлиб, мусулмон футболчилари бор жамоалар Рамазон ойидаги ўйинлар оғиз очиш вақтига тўғри келиб қоладиган бўлса, ҳакам билан учрашув давомида қисқа муддатли танаффус бериш ҳақида келишиб олади.

Бу мусулмон футболчилар ва жамоалар учун қўллаб-қувватловчи муҳит яратишнинг муҳим ва кўзга кўринган қисми ҳисобланади.

- Бу вазият футболчилар учун янгилик эмас. Иккала Райан, Умар ва Абдуқодир ҳам биринчи марта рўза тутаётгани йўқ. Уларнинг барчаси буни уддалашни жуда яхши билишади, - деди Хосеп Гвардиола.

Вазиятга “Лидс” бош мураббийи Даниэль Фаркенинг ёрдамчиси Эдмунд Ример ҳам изоҳ берди.

- Биз бор эътиборимизни ўйинга қаратган эдик, шунинг учун бу ҳолатга кўп аҳамият бермадик, аммо баъзи мухлислар қилган ишдан хафамиз, - деди у.

Экспертлар хулосаси Ҳусановни хурсанд қилди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!