Достон Турсунов: Японияда ўйнаб ҳам кучли клубларга ўтиш мумкин

Мана ярим йилдирки, ҳамюртимиз Япония Ж2 лигасида фаолият олиб бормоқда. Секин-аста миллий терма жамоамизда ҳам ўз ўрнини топиб бораётган футболчи ҳозирга қадар “Ренофа Ямагучи” таркибида 12 та учрашув ўтказишга улгурди.

24 ёшли ҳимоячи ЎФА матбуот хизматига Япониядаги фаолияти қандай кетаётгани хусусида гапириб берди:

"Япон футболига анча мослашиб улгурдим, десам бўлади. Бу ерда Ж1 лига каби Ж2 лигада ҳам учрашувлар анча шиддатли курашлар остида кечади. Ж2 лигада жами 22 та клуб иштирок этади. Ҳар бир клуб сафида савияли легионерлар тўп суришади. Учрашувларда темп анча юқори, футболчилар ҳам жисмонан, ҳам техник жиҳатдан анча кучли. Таркибга кириш учун рақобат юқори. Лекин мен ҳам ўз маҳоратимни ишга солишга ҳаракат қиляпман.

Япония чемпионатидан, хусусан Ж2 лигаси жамоасидан ҳам юқорироқ лигаларга йўл олиш мумкин. Масалан, мен айни пайтда фаолият олиб бораётган “Ренофа Ямагучи” клуби яқин вақтлар ичида Япония Ж1 лигасига ҳамда Европанинг айрим чемпионатларига ўйинчилар етказиб берди. Мен ҳам айнан шу сабабдан мазкур клуб сафига келиб қўшилганман. Ниятим – бу ерда ўз маҳоратимни намойиш этиб, кучлироқ клуб таркибидан жой олиш. Қолаверса, миллий терма жамоамизнинг ҳам асосий футболчиларидан бирига айланиш. Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев ва Егор Кримец каби тажрибали ўйинчилардан кўп нарсаларни ўрганишга ҳаракат қиляпман. Насиб этса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатида майдонга тушмоқчиман", - деди футболчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!