Достон Турсунов Япониядаги фаолиятини давом эттирадими ёки...
Аста-секин жорий йил ҳам поёнига етиб бормоқда. Бундай паллада эса бир қанча миллий биринчиликларда ҳам мавсум тугамоқда. Биз эса бундай пайтда хорижда ўйнаётган легионерларимизнинг қандай иштирок этганига кўпроқ аҳамият қаратамиз ва улар ҳақида кўпроқ ёритишга ҳаракат қиламиз. Масалан, яқинда Япония чемпионати ҳам ўз якунига етди. Хабарингиз бўлса, бунгача кун чиқар юрт мамлакатида ўзбекистонлик Фозил Мусаев фаолият олиб бораётганди. Бу йил эса Японияда тўп сураётган ҳамюртларимиз яна биттага кўпайди. Жорий йилнинг бошларида фарғоналик ҳимоячи Достон Турсунов Япония Жей-2 лигаси вакили «Ренофа Ямагучи» жамоаси аъзосига айланганди. Унинг дастлабки мавсуми эса ёмон ўтмади. Ҳамюртимиз ўз клуби сафида чемпионатда 16 та учрашувда иштирок этди. «Ренофа» эса 22 та клуб орасида 47 очко билан 15-ўринни банд этди. Умуман айтганда, 24 ёшли футболчимиз Япония чемпионатида ўзини йўқотиб қўйгани йўқ.
Дастлабки мавсум қандай ўтди?
Дарҳақиқат, ҳамюртимиз учун жорий мавсум муҳим аҳамиятга эга эди. Чунки у илк бор хорижда легионер мақомида тўп сурди. Боз устига футболи анча ривожланган ва қитъамизда энг кучлиларидан бири ҳисобланган Япония чемпионатида тўп суриш осон эмас. Гарчи у Жей-2 лигасида тўп сурган бўлса-да, барибир у ердаги рақобат, футболнинг сифати ва яна бошқа жиҳатлар бўйича ҳам анча-мунча чемпионатлардан устун туради. Шу сабабли Достон Турсунов Японияда ўтказган дастлабки мавсуми ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Биласиз, фаолиятим давомида мен биринчи марта легионер сифатида хорижда ўйнадим, - дея гап бошлади, ҳамюртимиз. – Айниқса, Япония чемпионатида илк бор тўп сурдим. Бемалол айта оламанки, легионер сифатидаги дастлабки мавсумимдан ажойиб таассуротлар қолди. Бу ерда ўйнаб ўзим учун кўп нарсаларни ўргандим. Тан оламан, ростдан ҳам Япония чемпионати кучли экан. Тўғри, мен Жей-2 лигасида иштирок этдим. Шунга қарамай, Жей-1 чемпионатидан кўра бу ерда ўйинлар кўп бўлади. Чунки биз иштирок этаётган чемпионатда жами 22 та жамоа бор ва ҳаммаси бўлиб 42 та ўйин ўтказилади. Айнан мана шундай ўйинлар орқали ўзим футболчи сифатида анча шаклландим деб айта оламан. Шу билан бирга чемпионатни ҳам кўтаринки кайфиятда якунлаб олдик.
Кейинги режалар
«Ренофа Ямагучи» жамоасининг муҳим аъзоларидан бирига айлана олган Достон Турсунов юқорида у Японияда ўтказган дастлабки мавсумидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Бизни эса бир нарса қизиқтирмоқда: ҳамюртимиз яна «Ренофа Ямагучи» учун ўйнашда давом этадими ёки клубини алмаштиришга аҳд қилганми? Ушбу масала бўйича Турсуновнинг жавоби шундай бўлди:
- Тўғрисини айтадиган бўлсам, кейинги йил учун ҳали режаларимни аниқлаштириб олганим йўқ. Чунки Японияда мавсум энди тугади. Аммо шуни айтишим керакки, менинг «Ренофа Ямагучи» билан яна бир йиллик шартномам бор. Яширмайман, агар менга яна таклифлар бўлса кўриб чиқаман. Энди таътилга чиқдик. Мана шундай пайтда ҳаммасини яна яхшилаб ўйлаб кўраман. Агар менга нисбатан бирор-бир клубнинг қизиқиши бўлса ҳам буни декабрь ойида эшитсак керак. Аммо «Ренофа» билан икки йилга шартнома тузганман ва унинг яна бир йили бор.
Турсуновга нима ёқди?
Достон Японида ўзига яраша қизиқарли ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлди дейиш мумкин. Юқорида ҳам унинг ўзи у ердаги мавсуми яхши ўтганини айтди. Умуман олганда, футболчимиз учун айнан қандай ёқимли жиҳатлари билан эсда қолган бўлиши мумкин? Бунга унинг ўзи шундай деди:
- Албатта, юқорида айтиб ўтганимдек, Япониядаги дастлабки мавсум давомида ўзим учун ёқимли хотиралар ҳам қолди. Масалан, у ерда барча жамоалар бир йил давомида бир хил темпда бўлишади. Яъни, ҳамма иштирокчилар тенг кучли савияли, у қадар катта ўзгаришлар бўлмайди, кимдир фаворит ёки аутсайдер ролида бўлмайди. Қолаверса, клубга янги келган футболчи ёки мураббийга ҳар доим етарли даражада имконият берилар экан. Шуниси ҳам менда яхши таассурот қолдирди, - деди Достон.
Терма жамоага чақирилмай қўйгани хусусида
Шунингдек, Достон Турсунов Вадим Абрамов миллий термага келгунга қадар собиқ мураббий Эктор Купер пайтида доимий равишда бош жамоамизга чақирилиб турди. Ўқув-йиғинлари, ўртоқлик ва расмий баҳсларда Турсунов ҳам терма жамоага таклиф қилинарди. Гарчи расмий учрашувларда майдонга тушмаган бўлса-да, унинг қандайдир сифатлари Куперга ёқарди. Аммо Вадим Абрамов терма жамоамизга бош мураббий бўлгач, Достонни умуман чақирмай қўйди. Ўз навбатида футболчи ушбу вазиятга ўз муносабатни билдириб ўтди.
- Тўғри, ҳар бир футболчини Ўзбекистон миллий терма жамоада ўйнагиси ва ёрдам бергиси келади. Албатта, аргентиналик мураббий Эктор Купер ишлаган даврда доимий равишда терма жамоа билан бирга бўлдим. Қолаверса, гол ҳам уришга эришдим. Ўз ўрнида Куперга миннатдорчилик билдираман. Чунки у менга мана шундай имконият берди, шунинг учун у кишига раҳмат. Агар Вадим Абрамов мени ҳам термага чақирса бор кучим билан ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Чақирмаса яна ўз устимизда ишлашда давом этамиз.
Суперлигамиз ҳақида қандай фикрда?
Ўзбекистон чемпионатидаги ўйинлари орқали ўсишга эришган ҳамюртимиз бугунги кундаги Суперлигамизни ҳам кузатиб бораётгани аниқ. Шу сабабли Турсунов бу борада ўз фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.
- Менимча, Суперлигамиз ўсишга эришди. Мавсум яхши суръатларда ўтди десам бўлаверади. Масалан, Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси доимий равишда пастки ўринларда, лигада жон сақлаб қолиш учун курашарди. Бу йил эса учинчи ўрин учун жиддий кураш олиб боряпти. Умуман олганда, клубларимизда ўзига яраша ўсишлар сезиляпти. Бу эса албатта чемпионатга ҳам яхши таъсир кўрсатади.
Фикрлар