Драган Черан Хюистранинг кетишига қандай муносабат билдирди? Мураббий ўзгариши уни клубдаги режаларига таъсир қиладими?
“Пахтакор” клубида бош мураббий ўзгараётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. “Шерлар”га устозлик қилган нидерландиялик Питер Хюистранинг юртимиздаги фаолияти якун топди. Клуб эса энди янги мутахассис билан ҳамкорлик қилади.
Қолаверса, таркибда ҳам ўзгаришлар содир бўлаётганидан хабардорсиз. Ўзбекистон чемпионатида уч мавсумдан бери энг яхши тўпурарликни ўзида сақлаб келаётган Драган Черан жорий йилни ҳам яна “Пахтакор”да ўтказади, чунки олдин маълум қилганимиздек унинг яна бир йилга мўлжалланган шартномаси бор.
Питер Хюистра жамоадан кетгани юзасидан сербиялик ҳужумчининг бу борадаги муносабатини билиш бизга қизиқ туюлди.
- Драган, Питер Хюистра “Пахтакор”ни тарк этганини энди биласиз. Унинг кетишини кимдан эшитдингиз?
- Питер Хюистранинг клубдан кетганини мен газеталар орқали билдим. Шундан кейин у клубдаги барча билан ўзимизнинг умумий гуруҳимиз орқали хайрлашди.
- У сиз учун қандай мураббий эди?
- Айтишим мумкинки, у аъло даражадаги инсон ва шу билан бирга яхши мураббий саналади. Хюистра клубга қандайдир янгилик олиб кира олди, яъни, европача менталитетни. Унинг клуб учун қилган меҳнатларидан миннатдормиз. Афсуски, Ўзбекистон Кубогидаги ғалабани қўлга киритган ҳолда жамоа билан хайрлаша олмади. Ўшанда бу ҳақиқий хайрлашиш бўлган бўларди.
- Биз Питер Хюистрани юмшоқ мураббий, деб ҳам эшитганмиз. Бу ростмиди?
- Мутахассис Суперкубок ва чемпионатни ютди. Биласизми, агарда Хюистра қаттиққўл бўлмаганида мазкур муваффақиятларга эриша олмаган бўларди.
- Тўғрисини айтинг, Питернинг “Пахтакор”дан кетишини билармидингиз?
- Йўқ, уни клубда қолади, деб ўйлаётгандим.
- Нима деб ўйлайсиз, “Пахтакор”нинг янги бош мураббийи ким?
- Билмадим, буни йиғин бошланганида билиб оламиз.
- У ҳолда айтинг-чи, жамоангизга айнан қандай мутахассис зарур деб ҳисоблайсиз?
- Катта тажриба, аниқ мақсадлар ва ҳужумкор тизим билан ишлайдиган мураббий деб айтган бўлардим.
- Мураббий ўзгариши “Пахтакор”даги режаларингизга таъсир кўрсатмайдими?
- Йўқ, амалдаги шартномам яна бир йилга белгиланган. Албатта, янги мураббий билан ишлаш - бу қизиқ туюлиши турган гап.
- Хабарингиз бор, Анзур Исмоилов билан Егор Кримец клубни тарк этишди. Сизнингча, бу “Пахтакор” учун жиддий йўқотишми?
- Ҳа, бу катта муаммо бўлади. Улар ажойиб даражадаги йигитлар ва ўйинчилар. Шубҳасиз, мазкур футболчиларнинг жамоамизда эмаслиги билинади, яъни, энди бизга етишмайди.
- Умуман олганда, “Пахтакор”га хорижлик мураббий керакми ёки маҳаллийми?
- Қаердан келмасин нима бўлганда ҳам бизга яхши мураббий зарур. Шунчаки, зўр мутахассис бўлиши керак.
- Самвел Бабаян сизни “Навбаҳор”га таклиф қилгани ростми?
- Таклифлар бўлди. Лекин улар “Пахтакор” билан амалдаги шартномам борлигини тушуниб туришганди. Шунинг учун клубим, амалдаги шартнома ҳамда мен билан ҳамкорлик қилиши қийин эканини тушунишди.
- Драган, айтинг-чи, “Пахтакор”га янги ҳужумчи зарурми ёки...
- Агар клубда совринлар учун курашиш мақсади қўйилса, у ҳолда яхши ҳимоячи ва ҳужумчини таркибга қўшиб олиш керак.
- “Пахтакор”га қачон қўшиласиз?
- Бир ҳафтадан кейин.
Фикрлар