Дзюдо. Маржона Нуруллоева – Ўзбекистон терма жамоасига 2026 йил ҳисобидан илк медални тақдим этди!
Болгария пойтахти София шаҳрида дзюдо бўйича 2026 йилги мавсумнинг илк IJF мусобақаси - "Sofia European Open" бўлиб ўтмоқда.
Унда дунёнинг 5 қитъаси 39 давлатидан жами 385 (237 эркак, 148 аёл) нафар дзюдочи медаллар ҳамда жаҳон рейтинги учун бериладиган қимматли очколар йўлида баҳсларга киришди.
Қувонарлиси, мусобақанинг илк куни терма жамоамизнинг -63 кг вазн тоифасидаги аъзоси Маржона Нуруллоева бронза медалини қўлга киритди. У саралаш беллашувларида Хорватия ва Болгария дзюдочиларини мағлубиятга учратди. Муросасиз кечган ярим финал баҳсида япониялик Ҳонока Кимурага имкониятни бой берган Нуруллоева бронза медали учун кечган беллашувда франциялик Клара Вентслердан устун келди.
Шу тариқа, Маржона Нуруллоева Ўзбекистон терма жамоасига 2026 йил ҳисобидан илк медални тақдим этди. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар бермоқда.
Фикрлар