Дзюдо. Вазир жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнини кўздан кечирди

Хабарингиз бор, 6-13 октябрь кунлари пойтахтимиздаги муҳташам “Ҳумо арена” комплекси мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилади.

Айни пайтда аренада катта ҳажмдаги тайёргарлик ишлари кетмоқда. Бугун Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов у ерда олиб борилаётган жараённи кўздан кечирди. Унга Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерасияси раҳбари Азизжон Камилов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими, Ўзбекистон карате WTF федерацияси раиси Рашид Талипов ҳамроҳлик қилишди.

Ҳозирда мусобақа иштирокчилари машғулот ўтказадиган кичик арена шай бўлди ва у ерда терма жамоалар шуғулланишмоқда. Асосий аренада эса тайёргарлик ишлари қизғин паллада. Бу борада Азизжон Камилов Спортни ривожлантириш вазирига батафсил маълумот берди. Ўз навбатида, Адҳам Икрамов нафақат спортчи ва мураббийлар, балки чемпионатни ёритиш мақсадида ташриф буюрадиган ОАВ ходимлари ҳамда мухлислар учун барча шароитларни яратиш, меҳмонлар Ўзбекистондан яхши таассуротлар билан қайтишлари учун ҳамма ишлар амалга оширилиши хусусида топшириқлар берди.

Ташриф давомида Адҳам Илҳамович машғулотлар залида яратилган шароитларни ҳам ўрганди ва кичик аренада шуғулланаётган Хитой терма жамоасининг машғулотларини бевосита кузатди.

Мусобақада иштирок этадиган терма жамоаларнинг аксарияти жаҳон чемпионати олдидан сўнгги машғулотларни пойтахтимизда олиб боришмоқда. Қолган терма жамоалар бугун ва эртага Тошкентга етиб келишади. Эслатиб ўтамиз, 6 октябрдан ушбу мажмуада дунёнинг энг кучли дзюдочилари ғолиблик учун курашга киришишади. 13 октябрга қадар давом этадиган мусобақада дунёнинг 87 мамлакатидан 582 нафар спортчи иштирок этади. 9 октябрь куни эса мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!