Дзюдочиларимиз Континентал Лиганинг "Шарқ" дивизиони ғолиби бўлди
Россиянинг Тюмен шаҳрида "Шарқ" дивизиони баҳслари ўтказилди.
Россиянинг Тюмен шаҳрида дзюдо бўйича клублар ўртасидаги Континентал Лига мусобақасининг "Шарқ" дивизиони баҳслари ўтказилди.
Мусобақанинг учинчи босқич доирасидаги ушбу дивизионнинг А гуруҳида Лиганинг ўтган йилги чемпиони "Урал-Западная Сибир", "Родина" (иккаласи – Екатеринбург), "Тюмен-дзюдо 2", В гуруҳида эса "Женйс" (Қозоғистон), "Тюмен-дзюдо" ва "Триумф" (Барнаул) клублари баҳсларга киришишди.
Гуруҳнинг барча учрашувларида ғалаба қозонган "Женйс" 1/2 финалда "Урал-Запад Сибир" жамоасини 3:2 ҳисобида доғда қолдирди. Иккинчи 1/2 финалда "Тюмен-дзюдо" худди шу ҳисобда "Родина" жамоасидан устун келди. Ҳал қилувчи финал учрашувида "Женйс" "Тюмен-дзюдо"ни 3:1 ҳисобида таслим этди.
Чемпион "Женйс"нинг ғалабаларига терма жамоамиз аъзолари Артём Штурбабин, Шаҳрам Аҳадов ва Париж-2024 Олимпиадаси совриндори Музаффарбек Тўрабоев ўз ҳиссасини қўшди. Континентал Лиганинг финал босқич турнири 1 ноябр куни Москва шаҳрида ўтказилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Изоҳлар (0)