
Дзюдочиларимиз нуфузли турнирда 4-ўринни эгаллашди
Грузия пойтахти мезбонлик қилган дзюдо бўйича "Tbilisi Grand Slam 2025" мусобақаси ўз якунига етди.
Унинг сўнгги кунида ўтган йилги Ўзбекистон чемпионатининг бронза медали совриндори Умар Бозоров (-90 кг) фаолиятидаги илк халқаро мусобақасидаёқ шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
У ИЖФ байроғи остида иштирок этган Явор Варапеу, грузиялик Сосо Эбилашвили, венгриялик Петер Сафрани, нидерландиялик Марк Ван Дийкни мағлубиятга учратди. Олтин медал учун кечган муросасиз беллашувда жаҳон рейтингида 24-ўринни эгаллаб турган франциялик Алексис Матёни чиройли усулда таслим этди. Бозоров олтин медал билан бирга 1000 рейтинг очкосини ҳам ўз ҳисобига қўшиб қўйди. Дзюдочиларимиздан Азизбек Ортиқов ва Абдураҳим Нутфуллоев -66 кг вазн тоифасида бронза медалларини қўлга киритишди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 2 та бронза медали билан"Tbilisi Grand Slam 2025" турнирини умумжамоа ҳисобида 4-ўринда якунлади.
Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар бермоқда.
Фикрлар