ЕЧЛ. Бугун амалдаги чемпион, чемпионлар кушандаси ва чемпионлик учун даъвогар ўйнайди (превью)

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи ўзининг қоқ марказига етиб келмоқда. Эртага бўлиб ўтадиган учрашувлар билан ушбу босқичда кўп нарса аён бўлиб улгуради. Бироқ баъзи сенсацион натижалар ҳам йўқ эмас. Ва айнан уларнинг борлиги учун биз футболни катта қизиқиш билан кузатамиз. Қуйида фикр юритмоқчи бўлган жамоаларимиз ҳолати ҳақида деярли тугал гап айта оламиз. Чунки ортда қолган 2 тур улар иштирок этаётган гуруҳлардаги жамоаларнинг "сараги саракка, пучаги пучакка чиқиб улгурди". Демак, даставвал амалдаги чемпион иштирокидаги ўйинга эътибор қаратамиз:

photo_2020-11-03_13-47-11

"Ред Булл" Зальцбург - "Бавария"

Гуруҳ пешқадами ва аутсайдер ўртасидаги учрашув доим ҳам қизиқарли, ҳар икки дарвоза қаршисида юзага келадиган хавфли ҳужумлар остида кечмаслиги мумкин. Бироқ, одатда, голларга бой кечади. Айниқса, ҳар икки жамоа аъзолари гол уришни яхши билса. Қаҳрамонларимиз айнан шу тоифа вакиллари саналади. А гуруҳида сўнгги поғонада жойлашган австрияликлар 4 та гол урган ва бу натижа улардан юқоридаги икки клубникидан яхшироқ. "Бавария" ҳақида, улардаги голга чанқоқлик, бу вазифани ортиғи билан адо этиш тўғрисида ортиқча изоҳ шарт бўлмаса-да, касб нуқтаи назаридан айтишга мажбурмиз: "қизиллар" "Атлетико"га 4 та, "Локомотив"га 2 та гол урган. Ушбу голлардан бирортаси Левандовски, Гнабри ва Сане томонидан киритилмагани Флик жамоаси ҳақидаги тасаввурларни даҳшатли кўринишга қайтаради. Қизиғи, ўтган мавсум ҳам шундай бўлганди.

bavariya

Тахминий таркиб: Нойер, Павар, Боатенг, Алаба, Эрнандес, Киммих, Толиссо, Гнабри, Мюллер, Коман, Левандовски.

Ханс-Дитер Флик: "Ред Булл" бир неча йиллардан бери ажойиб ишларни амалга оширмоқда. Уларнинг таркибида ўз олдига аниқ мақсад қўйган ёш истеъдодлар етарли. Бу ҳолат эртанги ўйинни жуда қизиқарли ўтишини таъминлайди. Бугунги машғулотлардан сўнг, эртага асосий таркибда майдонга тушадиган футболчиларни саралайман".

image

"Ред Булл" Зальцбург

Юқорида таъкидлаганимиздек, австрияликлар гол уришни хуш кўради. Шунчаки, ҳужум қандай кучли бўлса, ҳимоя шу қадар заиф. Ортда қолган учрашувларнинг ҳар иккаласида улар ҳисобда олдинда бора туриб, ғалабани қўлдан чиқарган. "Локомотив" билан ўйинда ҳеч бўлмаса, дурангни сақлаб қолган Марш шогидлари, даражаси нисбатан юқори бўлган "Атлетико" олдида ожиз қолди. Бу ўйинга миллий чемпионатдаги йирик ҳисобда қўлга киритилган ғалаба билан етиб келган зальцбургликларга умид бағишловчи бир жиҳат бор: "Бавария"ни 7 ноябрь куни "Боруссия"га қарши ўта муҳим беллашув кутиб турибди. Таркиб билан боғлиқ муаммолар бўй кўрсата бошлаган бир пайтда, бош мураббий қиймати каттароқ ўйин ҳақида кўпроқ ўйлаши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу "Ред Булл" фойдасига ишлаши ва улар ўтган мавсумдаги каби ўз футболчиларини катта клубларга танитиб олиши мумкин. Ёки кимдир "Ред Булл" Зальцбургдан Чемпионлар Лигаси ғолиблигини кутяптими?!

salsburg

Тахминий таркиб: Станкович, Ульмер, Вебер, Рамальо, Кристенсен, Собослаи, Юнузович, Камара, Мвепу, Койта, Бериша.

Жесси Марш: "Эртага бизни оғир ўйин кутмоқда. Кимга қарши майдонга тушишимиздан қатъи назар, доим ғалаба қозониш учун имконият бўлади. Афсуски, мухлисларсиз ҳаракат қилишимизга тўғри келмоқда, бироқ майдонга 100 % иштиёқ билан чиқамиз".

marsh

"Локомотив" - "Атлетико"

Москваликлар гуруҳ босқичини ёмон ўтказмоқда, деб бўлмайди. Ҳар ҳолда, "Ред Булл"га қарши меҳмонда 1 очко қўлга киритилди. "Бавария" футболчилари Москвада роса тер тўкишга мажбур бўлди. Демак, "Атлетико"ни ҳам осон бўлмаган ўйин кутиб турибди. Чунки ўз уйида амалдаги чемпионга катта муаммо туғдира олган "темирйўлчилар" оддий жамоаларга қарши кўпинча қийналадиган Симеоне шогирдларига ҳам ўзига хос "совға" ҳозирлаб қўйганлиги тайин. Устига устак, Антон Миранчукнинг ўйини очилиб бораётганлигини ҳисобга олсак, "матрасчилар" орқа чизиқда қийналади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

photo_2020-11-03_13-48-21

Тахминий таркиб: Гильерме, Живоглядов, Райкович, Мурило, Рыбус, Игнатьев, Куликов, Криховяк, Миранчук, Смолов, Зе Луиш.

Марко Николич: "Яна бир қизиқарли чақирув олдимизда турибди. Москвага биз яхши билган клуб келмоқда. Мен "Атлетико" ва Диего Симеонени ҳурмат қиламан. Биз уларга қарши етарлича тайёргарлик кўрганмиз. Эртага очко олиш учун барча нарсага тайёрмиз".

loko trener

"Атлетико"

Юқорида уларни бежиз "чемпионлар кушандаси", деб атамадик. Симеоне шогирдлари исталган турнир чемпионларига қарши тенгма-тенг "тиш қайрай олади". Бу сўнгги декадада уларнинг ўйин услубига айланган, миясига чуқур сингдирилган. Фақатгина барча жамоаларда бўлгани каби, баъзи истисно ҳолатлар мавжуд. Шунга қарамай, қўрқинчли "Бавария"дан ўтиб олган Симеоне шогирдлари ЕЧЛда ҳам, Ла Лигада ҳам яхши ўйин кўрсатмоқда. Катта умидлар билан жамоага олиб келинган Фелиш, Суарес каби футболчилар ўзларига билдирилган ишончни оқламоқда. Боз устига, Льоренте ва Сауль ҳам ҳужумларга фаол қўшиляпти. Бугунги беллашувда ҳам бу факторлар "матрасчилар"га ёрдам бериши лозим.

photo_2020-11-03_13-34-43

Тахминий таркиб: Облак, Триппьер, Савич, Фелипе, Лоди, Корреа, Сауль, Льоренте, Коке, Суарес, Жоау Фелиш.

Диего Симеоне: "Биз жуда курашувчан жамоамиз. Сўнгги учрашувлардаги натижаларимиз бизнинг ҳақиқий кучимизни кўрсатмоқда. Биз энди фақатгина 1 гол фарқини ушлаб қолишга ҳаракат қилмаяпмиз. Эртанги ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик ва ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз".

simeone

"Манчестер Сити" - "Олимпиакос"

Бу мавсум Манчестер клубларини икки фронтда ҳар хил ўйин кўрсатаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. МЮ АПЛда 15-поғонада юрибди. Мағлуб бўлган ўйинлари сони очко олган баҳслари билан тенг. Аммо Чемпионлар Лигасида йўлидан чиққан рақибни четга суриб, дадил илдамламоқда. "Сити" эса, Премьер-лига турнир жадвалининг қоқ марказида. Шогирдларидан максимал натижа талаб қиладиган мураббий жамоаси учун ҳавас қилгулик ҳолат эмас, назаримизда. Бунга ҳар мавсум камида 2-3 та трансферни қўшиб, вазиятга чуқурроқ назар солсак, "шаҳарликлар" омадсиз старт олганини кўрамиз. Бироқ қўшнилари каби Гвардиола шогирдлари ҳам ҳалқаро майдонда ҳеч қандай қоқилишсиз боряпти. Икки ўйинда 6 та гол урган манчестерликлар ушбу мусобақада доимгидек асосий даъвогарлар қаторида тилга олинмоқда. Бу борада "Олимпиакос" уларда кичик муаммо туғдиришга ҳаракат қилиб кўради.

city

Тахминий таркиб: Эдерсон, Уокер, Рубен Диаш, Аке, Канселу, Гюндоган, Родри, де Брюйне, Маҳрез, Торрес, Стерлинг.

Пеп Гвардиола: "Биринчи навбатда кейинги босқичга чиқишни истаймиз. Биринчи ўрин билан плей-оффга йўл олсак, янада яхши бўларди. "Олимпиакос"га қарши баҳсда ғалаба қозониб, орадаги фарқни йириклаштириб олиш имкони бор. Бу бизнинг мақсадимиз ва бунга эришиш йўлида ҳаракатдан тўхтамаймиз".

0_Guardiola

"Олимпиакос"

Юнонлар олдида қийин вазифа турибди. Улар фойдаланиб кетиши мумкин бўлган жиҳат "Сити"нинг бироз заиф ҳимояси. Аслида, Ляпорт ва Аке сафга қайтди, Канселу ва Уокер яхши ўйин кўрсатмоқда. Шунга қарамай, баъзи хатолар ҳам йўқ эмас. Бош мураббий кимни асосий таркибда майдонга ташлаши аниқ эмас. Шунинг учун, "Олимпиакос"да кичик имконият пайдо бўлиши мумкин. Улардан максимал фойда чиқара олсагина, меҳмонлар бугун сенсация қайд эта олади.

olympiacos

Тахминий таркиб: Са, Рафинья, Семеду, Сиссе, Олебас, М'Вила, Бухалакис, Камара, Вальбуэна, Эль-Араби, Масурас.

Педру Мартинс: "Мақсадимиз ўзгаргани йўқ. Рақибимиз юқори даражада. Шунинг учун, ўйин жуда қийин кечади. Эртанги учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилиш учун чуқур ўйлаб, қарор қабул қилишимиз, ақлни ишга солиб, ҳаракатланишимиз лозим".

trener olymp

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар