
ЕЧЛ қуръаси: ғолиблар ва мағлублар
Хабарингиз бор, бир неча кун аввал, УЕФА Чемпионлар Лигаси 2020/2021 йилги мавсумининг гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Бу ким учундир омадли, яна ким учундир омадсиз якунланди. Биз айни шу жиҳатга эътибор қаратдик.
Ғолиб: Криштиану Роналду
Телевизион компаниялар замонамизнинг икки энг буюк футболчисининг яна ўзаро тўқнаш келишидан хурсанд. Чунки, бу миллионлаб телетомошабинлар эътибори ва трансляциялардан келиб тушадиган миллиардлаб маблағ, деганидир.
“Олтин тўп”лар сони бўйича аргентиналик рақибидан ортда қолаётган Криштиану бевосита тўқнашув орқали ким аслида ким эканини исботлаши мумкин бўлади. Акс ҳолда, “икки ўзга сайёралик” эраси Лео ҳисобига ёзилиши эҳтимоли юқори.
Ғолиб: “Челси”
Фрэнк Лэмпарднинг евромайдондаги илк мавсуми “Бавария”га ҳар жабҳада имкониятнинг бой берилиши билан эсда қолди.
Ёзги трансферлар ойнаси мобайнида 200 млн евродан кўп маблағ сарфлаган лондонликлар афсонаси қуръа натижаларига кўра, яна плей-оффда ўйнайдигандек кўринмоқда.
“Севилья” Европа Лигасидаги ғалабаси орқали кўп нарсани исботлашга эришди. Аммо гуруҳнинг қолган икки вакили “Краснодар” ва “Ренн” ЕЧЛда дебютант ҳисобланади.
Янги футболчиларининг аксарияти лазаретда бўлиб турган “аристократлар” мавсумнинг иккинчи қисмида яна ҳам кучайиши кутилмоқда.
Ғолиб: Пеп Гвардиола
Каталониялик мураббийда Чемпионлар Лигасини ютиш учун яна бир имкон бор. Балки, бу сўнггиси бўлар. Ҳозирча, гуруҳ босқичи қуръаси “шаҳарликлар” учун айни муддао бўлди.
6 ой аввал, “Сити” УЕФАдан 2 йиллик таъқиқ олганди. Аммо якунда барчаси Пеп ва унинг шогирдлари учун хайрли якунланди. Манчестер “мовийлар”и қолган 31 жамоадан ҳам кўпроқ ушбу титулни ютишни хоҳласа керак.
“Порту” ва “Олимпиакос” Гвардиола жамоаси учун ортиқча муаммо туғдирмаслиги кутилмоқда. Гуруҳдаги энг сирли ва хавфли рақиб - “Марсель”.
Француз клуби ўтган мавсумни “Сити”ни ЕЧЛдан чиқариб юборган “Лион”дан тепада якунлади. Шунингдек, мавсум аввалида ПСЖ ҳам марселликлар олдида ожиз қолди.
Мағлуб: Оле-Гуннар Сульшер
Неча йиллик танаффусдан сўнг, “қизил иблислар” яна АПЛ чемпионлиги учун курашга киришмоқчи. Евромайдонда клуб натижалари яна кўтарила бошлади. Бу йилги таркиб ҳам бирмунча рақобатбардош. Лекин қуръа…
Албатта, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Манчестер Юнайтед” Европа Чемпионлар Лигасида катта ном ҳисобланади. Аммо амалдаги финалчи ва унинг ярим финалдаги қурбони билан бир гуруҳдан жой олишни омад, деб бўлмайди.
Ҳа, 2 йил аввал манчестерликлар ПСЖни мўъжизавий тарзда мусобақадан чиқариб юборганди. Аммо бу уларнинг улкан маҳоратидан ҳам кўра, сўнгги дақиқаларда белгиланган кутилмаган пенальтининг шарофати саналади.
“H” гуруҳидан чиқиш учун Сульшерга юлдузли таркиби ҳам ёрдам бера олмайди. Агар у мураббийлик ҳислатларини тўлиқ намоён эта билмаса…
Мағлуб: “Аякс”
Амстердамликлар ЕЧЛ ярим финалига етиб борган 2019 йил баҳоридан буён кўп нарсалар ўзгариб кетди. Сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол орқали турнирни кўз ёшлар билан тарк этган болакайларнинг аксарияти ҳозир бошқа клублар шарафини ҳимоя қилади. Аксига олиб, қуръа ҳам уларни бирмунча қийин аҳволга солиб қўйди.
Сержиньо Дестни ҳам бой берган “Аякс” академиясидан ўринбосарлар топа олиши аниқ. Уларни катта футболга қандай тайёрлаш Эрик Тен Хагнинг ўз қўлида. У буни бир неча бор уддалади.
Улар ўтган мавсумнинг икки маънодаги “сюрприз”лари билан тўқнаш келади. Нимчорак финалдаёқ иштирокини тўхтатган ҳайбатли “Ливерпуль”, дебют мавсумидаёқ чорак финалгача етиб келган, сал бўлмаса ПСЖни шу босқичда қолдириб кетай деган “Аталанта”.
Ҳа, ушбу вазиятда “Аякс” мағлуб образида. Аммо ғалаба биз - мухлислар томонда!
Мағлуб: “Реал”
Зидан мураббий сифатида 4-титулини қўлга киритиши учун ўтган мавсумда ҳеч қандай имконият бўлмади. Гуруҳ босқичини ПСЖдан кейинги ўринда якунлади. Нимчорак финалда эса, “қаймоқранглилар”ни “Манчестер Сити” кутиб олди. Меҳмондорчилик Варан ҳисобидан!
“Қироллик клуби”га қуръалар омадсиз кела бошлади. Балки, шу учун ҳам “Барселона” мухлислари “Реал”га осон рақиблар тушаётганидан нолимай қўйгандир.
Гуруҳ пешқадамлиги учун “Интер”га қарши кечадиган баҳс анча қизиқарли бўлиши аниқ. “Қари билганни пари билмас” деганларидек, Конте бошлиқ “нуронийлар” клуби “Реал”га қарши нимадир қилишга уриниб кўради.
Ҳа, Зидан жамоаси гуруҳ фаворити. Аммо ушбу гуруҳдаги ғалабалар “Реал”га ёлғончи таскин бўлиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар