Элдор Шомуродовга Бельгия ва Қатардан жиддий таклиф бўлган - амакиси жиянининг "Ростов"дан кетиши тарафдори
Россия чемпионатида тўп сураётган ҳужумчимиз Элдор Шомуродов хусусида рус матбуоти ҳам, ўзбек матбуоти ҳам етарлича ёзмоқда. Чунки ўтган мавсумда тўпурарлик салоҳиятини кўрсатиб, кейинчалик гол уришни унутиб юборганлиги сабабли бу борада турли фикрлар ва муносабатлар айтилмоқда.
Кузатаётган бўлсангиз, “Ростов”даги ҳамюртимиз ҳақида бир қатор ўзимиздаги ва Россиядаги мутахассислар ҳам шахсий хулосаларини билдиришмоқда. Лекин унинг ҳозирги ҳолатини оила-аъзолари, яқинлари бошқалардан кўра яхшироқ билишади.
Элдор эса Шомуродовлар сулоласининг вакили, чунки у футболчилар оиласидан чиққан. Унинг амакиси Отабек Шомуродовни ишқибозларимиз яхши эслашса керак. Айниқса, “Нефтчи”даги ўйинлари орқали танилган ва Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам тўп сурган. Элдор эса ушбу амакиси билан ҳам кўп маслаҳатлашади ва унинг йўл-йўриқларига амал қилади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, Отабек Шомуродов “Ростов”да тўп сураётган жиянининг нега гол урмай қўйгани, “Ростов”даги фаолияти, кейинги режалари каби қатор муҳим масалалар бўйича sports.uz мухбирига қуйидагиларни гапирди.
“Карантинда 14 кунлаб бир хонада қолиш футболчига таъсир кўрсатади”
- Карантин сабабли “Ростов” тузук-қуруқ шуғуллана олмади, - дея гап бошлади, Отабек Шомуродов. - Уч ой футболдан узоқда бўлишди, 14 кунлаб бир хонада қолишди. Бундай ҳолатларнинг барибир футболчиларга таъсири бўлади-да. Мана, янги мавсум ҳам бошланди, ўйиндан-ўйинга Элдор ҳам спорт формасини яхшилаб боради ва голлар ҳам келади. Ҳали кўп голлар уради. Унинг гол урмай қўйганига асосий сабаб карантин деб ҳисоблайман. Агар футболчи бир ҳафта машғулот ўтказмаса спорт формасига таъсир қилмасдан қолмайди. Ўйинсиз албатта уларга қийин эди.
“Элдорнинг ўйинида пасайиш бўлган”
- Ҳа, ўйинида пасайиш бўлганлиги ҳақидаги фикрларга қўшиламан. Айтяпман-ку, яна аввалгидек спорт формасига кириб олса, уни тўхтатиш қийин бўлади. Ўтган йили “Ростов” кучли йиғинларни ташкил қилганди. Масалан, Испанияда тайёргарлик кўриб келишганди. Лекин ҳозир уларда пасайиш бор.
“У ўзини яхши ҳис қиляпти”
- Унинг руҳияти билан боғлиқ ҳеч қанақа муаммо бўлмаяпти. Худога шукр, кайфияти яхши. Характери ҳам жойида. Тушкунликка тушиб қолаётгани йўқ. Элдор билан гаплашиб турибмиз. Клубда ўзини яхши ҳис қилмоқда. Агар битта гол уриб олса, у ёғига яна голли серияларини давом эттиради деб ўйлаяпман.
“У кетиши керак, аммо “Ростов” Шомуродовни қўйиб юборгиси келмаяпти”
- Уни клубдан кетиши ҳақидаги гаплар чиқяпти. Лекин “Ростов” ҳали қўйиб юборгиси келмаяпти. Элдорнинг олдида қатор вариантлар бор. Балки агентлари клубини кўндира олса, балки кетиши мумкин. Менинг шахсий фикрим бўйича ҳам Элдор энди “Ростов”дан кетиши керак. Ўзини янада кучлироқ чемпионатда синаб кўришини истайман. Ўзи эса бундай ишлар билан шуғулланмайди, ҳаммасини агентлари ҳал қилишади. Европада трансфер ойнаси сентябрь-октябрь ойларида очилади дейишяпти. Боя айтдим-ку, “Ростов” Шомуродовни қўйиб юборишни хоҳламаяпти. Ваҳоланки, клубнинг ўзига ҳам бошқа жамоалардан таклифлар тушяпти, аммо “Ростов” барчасига рад жавобини беряпти. Биласизми, Россия клубларидан ҳам таклифлар бўлган. Бироқ Элдорнинг ўзи Россияда ўйнамоқчи бўлса, фақат “Ростов”да тўп сураман деган.
“Генк” аниқ таклиф билан чиққан”
- Бельгиянинг “Генк” клубидан аниқ таклиф бўлди. Улар расмий таклиф билан “Ростов” клубига чиқишган. Шунингдек, Элдорга Қатардан ҳам жиддий қизиқиш бўлган, аммо қайси клубидан таклиф бўлганлигини билмадим. Тўғри, яна бошқалар кўз тикишяпти. Лекин қизиқиш билдириш бошқа, расмий таклиф билан мурожаат қилиш бошқа. Буниси ёки униси қизиқяпти, деган гап-сўз кўп. Бироқ барчаси бекор гап. Ҳамма ҳам қизиқиш билдираверади, лекин аниқ таклиф билан “Генк” клуби чиққанини биламан. Балки жиянимга яна бошқа таклифлар ҳам бўлгандир.
“Элдорни Германияга кетгани яхшироқ деб ўйлайман”
- Элдорни Германия бундеслигасига кетгани яхшироқ деб ўйлайман, яна ўзлари билишади. Айниқса, кучли бешлик чемпионатларидан бирида ўйнаса яхши бўларди. У ерда ҳам эплаб кетарди. Ахир кучли чемпионатларда ҳам одамлар футбол ўйнашади-ку, роботлар эмас. Агар у ерда ҳам эплаб кетса, терма жамоамизга ҳам янада каттароқ фойдаси тегарди.
Фикрлар