Элитагага чиқмоқчи бўлган клублар учун зўр мураббий ёхуд Фузайлов яна Суперлигасиз қолиб кетмайдими?
“Андижон”дан кейин “Бухоро” клуби ҳам Суперлига чиптасини қўлга киритди. Фақат фарқи шунда бўлдики, андижонликлар октябрь ойидаёқ барчасини расмийлаштириб қўйган бўлса, 2-ўрин учун кураш охирги тургача давом этди. Даъвогарлар “Бухоро” билан “Турон” бўлиб, якунда бухороликлар маррага иккинчи бўлиб етиб келдилар.
“Бухоро” клуби осон бўлмаган йўлни босиб ўтди. Ёдингизда бўлса, жамоа чемпионатни иккита дуранг билан бошлаган, кейинчалик ҳам жамоа қимматли очколарни йўқотиб, мухлисларида бироз хавотир ҳиссини оширганди. Айниқса, “Бухоро” мавсумнинг биринчи ярмида, аниқроғи ёзгача бўлган беллашувлар мобайнида ўйини “димланиб” қолганди, сира “очилиб” кетавермади. Бу пайтга келиб турли гап-сўзлар ҳам янгради. Жамоадаги ички муҳит у қадар яхши эмаслиги ҳақида эшитиб турдик. Аммо раҳбарият ва мураббийлар штаби мавжуд вазиятдан муносиб чиқиб кета олдилар. Ёзги трансфер пайтида “Бухоро” таркиби тозаланди. Бир қатор футболчилар кетди ва ўрнига янги ижрочилар қўшиб олинди. Шундан сўнг Ҳаким Фузайлов бошқарувидаги жамоа тубдан ўзгарди ва юқори бешталикка ажралганидан сўнг энг хавфли рақибга айланди.
Ҳаттоки, “Бухоро” клуби анча вақтгача 3- ва 4-ўринларда юрди. Қачонки, юқори бешликдаги кураш бошланганидан кейин “Бухоро” анча жонланди ва “Турон”ни таъқиб этиб, 2-ўрингача чиқиб, рақибининг ўрнини эгаллади. Натижада бухороликлар охиригача шу ўринни “Турон”га бермасдан ўзида сақлаб қолди. Фузайлов шогирдлари чемпионатдаги охирги 5 та ўйиннинг 4 тасида ғалаба ва 1 тасида дуранг ўйнади.
Эътиборингизни бир жиҳатга қаратмасак бўлмайди. Бу бош мураббий Ҳаким Фузайлов билан боғлиқ. Тожикистонлик мутахассис мавсум аввалида “Бухоро”ни бошқаришга киришди. Унинг олдига фақат ва фақат жамоани Суперлигага олиб чиқиш вазифаси қўйилди. Ўз навбатида Ҳаким Қаюмович ҳам раҳбариятга “Бухоро”ни кучлилар орасига қайтаришга ваъда берди. Кўриб турибсизки, 58 ёшли мураббий гапининг устидан чиқди. Дарҳақиқат, унинг жамоаси, айниқса, ёзги селекциядан кейинги жамоаси Суперлигага чиқишга муносиб ўйин намойиш этди.
Гап шундаки, Ҳаким Фузайлов ўтган йили Самарқанднинг “Динамо” клубига бош мураббийлик қилганида ҳам ушбу жамоани Суперлигага олиб чиқишга муваффақ бўлганди. Лекин чемпионат тугагач, вазифа бажариб бўлингач, “Динамо” раҳбарияти нимагадир Фузайлов билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилган. Ҳолбуки, Фузайлов ўзи тузган жамоа билан элитада ҳам ишлашга муносиб эди. Бироқ раҳбарият Ҳаким Қаюмовични истеъфога чиқарди ва охири нима билан тугаганини яхши биласиз. “Динамо” яна про лигага тушиб кетди, Фузайлов эса яна Суперлигага чиқди!
Албатта, Ҳаким Қаюмович “Динамо”нинг яна про лигага тушиб кетгани учун Самарқанддаги меҳнатига ачинди. Лекин мураббий тўғри йўлдалигини ўз иши билан амалда кўрсатиб, энди “Бухоро”ни элитага қайтаришга муваффақ бўлди. Айтмоқчимизки, Фузайлов яна Ўзбекистонга қайтгач, икки мавсум ичида муносиб натижа кўрсата олди. Ахир кетма-кет икки йил бир мураббийнинг иккита жамоани Суперлигага олиб чиқишини ҳар ким ҳам эплолмайди. Тожикистонлик мутахассис 2021 йили “Динамо” билан, 2022 йилда эса “Бухоро” билан бу қийин вазифани бажарди. Про лиганинг даражаси, нуфузи ва ундаги рақобатнинг охирги пайтларда кескин ошишини инобатга оладиган бўлсак, чиндан ҳам Фузайловга тасанно айтсак арзийди.
Энди яна савол туғиляпти: ўз олдига қўйган вазифани муваффақиятли бажарган Фузайлов яна Суперлигасиз қолиб кетмасмикин? Қолаверса, тожикистонлик мутахассис клуб билан йил охиригача шартнома имзолаган ва амал қилиш муддати тугаяпти. Лекин биздаги маълумотларга қараганда, “Бухоро” раҳбарияти келаси мавсум учун ҳам Ҳаким Фузайлов билан ҳамкорликни давом эттирмоқчи. Агар Суперлигага чиқмоқчи бўлган про лиганинг бирор-бир клуби Фузайловга таклиф билан чиқиб қолса, бундан ажабланмаймиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар