Элмира Гулямова: “Аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионатида ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”
3 ноябрь куни “Бунёдкор-W” жамоаси Иорданиянинг Ақаба шаҳрига етиб келди. Бугун – 4 ноябрь куни жамоа ўзининг биринчи машғулотини ўтказади. Бу борада “қалдирғочлар” бош мураббийи Элмира Гулямова ўзининг фикрлари билдириб ўтди.
- Туркия орқали Амман шаҳрига етиб келдик. Иордания пойтахтидан Ақаба шаҳрига автобусда 5 соатлик йўлни босиб ўтдик. Йўл узоқ, футболчиларни толиқтирди. Бугундан учрашувлар ўтадиган стадионда машғулотларни бошлаймиз. Майдон сунъий қопламалилигини инобатга олиб, Тошкентда бир неча кун сунъий қопламали майдонда машғулотлар ўтказдик.
Бундай турнир биринчи марта ўтказилаётганига қарамай, ташкилотчилик яхши даражада. Футболчиларнинг кайфияти аъло. Ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- “Сўғдиёна-W” жамоаси чемпион бўлди. Бу нарса халқаро турнирга эътиборни кучайтиришга имконият бердими?
- “Сўғдиёна-W” жамоасини чемпионлик билан табриклайман. Биз чемпионлик учун охирги турга қадар ҳаракат қилдик. Лекин халқаро мусобақадани унутганимиз ҳам йўқ. Тайёргарликни турнирга кетгунга қадар давом эттирдик. Катта ҳажмдаги ишни бажардик. Бунинг учун “Бунёдкор” футбол клуби раҳбариятига яратилган барча шароитлар учун миннатдорлик билдираман.
7 ноябрь куни бизни Эроннинг “Шаҳрдари Сиржан” жамоаси билан осон бўлмаган биринчи учрашув кутмоқда. Тайёргарлик учун уч кун бор.
Ўзимизнинг ўйин стратегиямиздан ташқарига чиқмаган ҳолда, учала рақибимизни ҳам ўрганиб чиқдик.
- Маҳлиё Сарикова жамоангизнинг энг яхши ўйинчиси бўлишига қарамай, ўтган йилги мавсум иккинчи даврасидан “Сўғдиёна-W” жамоасига қўйиб юбордингиз. Буни сабаби нимада?
- Биз доим энг яхши жамоа бўлишга ҳаракат қиламиз. Ўзимиз устимизда ишлашдан тўхтамаймиз. Сариковага келадиган бўлсак, бир нечта масалалар бўйича у билан келиша олмадик. Мен бош мураббий сифатида барча ўйинчилар учун жавобгарман. Жамоада интизом ва дўстона муҳит яратиш – менинг вазифам. Жамоа жисплашиши, яхши футбол кўрсата олиши учун унинг аъзолари ҳамфикр бўлишлари лозим. Мен атрофимга шундай мутахассислар ва футболчиларни йиғганман.
Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор-W” жамоаси аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионатида ўз қатнашишини 7 ноябрь куни Эроннинг “Шаҳрдари Сиржан” жамоасига қарши бошлайди. Учрашув Ўзбекистон вақти билан 19:00 да старт олади.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар