Энди 4 нафар ўзбекистонлик футболчи тўп сураётган Жанубий Корея чемпионатини жонли эфирда томоша қилишимиз мумкин

Узрепорт телеканали футбол бўйича Жанубий Корея чемпионати ўйинларини намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда телеканал расмий сайти хабар бермоқда.

“Бутун дунёда коронавирус туфайли юзага келган пандемия ортга чекиниб, аста-секин футбол мусобақалари яна қайтмоқда. Осиё мамлакатлари ичида энг илғори ҳисобланган Корея 1 лигаси старт олди. Жонли футболни соғиниб қолган мухлислар қизиқишидан келиб чиққан ҳолда, Узрепорт Жанубий Корея миллий чемпионати — Кей Лигаси ўйинлари трансляцияси ҳуқуқини сотиб олди. Мазкур чемпионатнинг ўзбекистонлик футбол мухлислари учун яна бир эътиборли томони шундаки, ушбу мусобақада бир қатор ўзбек футболчилари легионер сифатида тўп суришади. Жумладан, Жамшид Искандаров "Сеонгнам"да, Рустам Ашурматов "Кванжу"да, Достон Турсунов "Пусан Ай Парк"да, Икром Алибоев эса "Сеул" клубида тўп сурмоқда.

Футбол ТВ телеканалида Кей Лигадан илк намойиш 10 май куни ҳамюртимиз Икром Алибоев тўп сураётган "Сеул" ҳамда "Канвон" клублари иштирокидаги ўйин билан бошланади. Трансляция доирасида Кей Лига ғолиблиги учун асосий даъвогар жамоалар учрашувлари намойиши режалаштирилган. Бу ўйинлар орқали нафақат ўзбекистонлик легионерлар фаолияти, балки Осиё майдонларидаги асосий рақибимиз бўлган Жанубий Корея футболи билан ҳам танишиб бориш имкониятимиз бор. Маълумот учун, Корея Кей лигасида 12та жамоа қатанашади.Мусобақа 8 майдан 8 ноябргача ўтказилиши режалаштирилган”, - деб ёзилади телеканал хабарида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!