Энди дуранг ҳам мағлубиятга тенг ёхуд Суперлигада ҳеч кимнинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ
Бугун Суперлиганинг 17-тур баҳсларига старт берилади. 23-27 август кунлари давомида 7 та ўйин ўтказилади. Яна эътиборимиз марказида айнан 7 та жуфтлик қарама-қаршиликлари турибди.
23 август
19:00. “Металлург” – “Динамо”
Чемпионат бошидан бери ҳали ғалаба нималигини билмай келаётган “Металлург” учун навбатдаги имконият. Бу сафар Олмалиқда “Динамо”ни қабул қилишади. Иккинчи даврада бекободликларни ўйини ижобий тарафга ўзгаргандек, аммо дуранглар қайд этиляпти. Ғалабадан ҳали дарак йўқ. “Динамо” ҳам анойи рақиб эмас. Лекин “Металлург” учун энди дуранг ҳам мағлубиятга тенг. Улар учун ҳар бир учрашув финал.
24 август
19:00. “Нефтчи” – “Олимпик”
Ўтган турда Фарғонада кутилмаганда “Сўғдиёна”га 0:3 ҳисобида ютқазиб мухлисларини қаттиқ ранжитган “Нефтчи” инқироз кўчасига кириб қолгандек. Медаллар учун курашиш имкониятини борган сари йўқотаётган фарғоналиклар бу турда “Олимпик”ни қабул қилишади. Ёш “Олимпик” ҳеч қандай босимсиз ўз ўйинини кўрсатяпти. Ўтган турдаги мағлубият Левченко жамоасига қанчалик таъсир кўрсатганини “Олимпик” билан баҳсда кўрамиз.
25 август
18:00. “Локомотив” – “Қизилқум”
Бир-бирига муносиб жамоалар тўқнашуви. Ўйин жиҳатидан ҳам ўхшашиб кетишади. Бу ўйин қанчалик ҳужумкор, шиддатли ўтишини ўйин куни кўрамиз. Иккала жамоага натижа муҳим. Шу боис улар аввало дарвозаси дахлсизлигини сақлаш ҳақида ўйлашса ажаб эмас. Аммо “Локомотив” ўз уйида ўйнаётгани боис улар ғалаба учун борини берадилар. Ахир ютмай қўйганига ҳам анча бўлди. Агар яна очко йўқотишса “Локо” раҳбарияти кечирармикин?
20:00. “Насаф” – “Андижон”
“Аждарлар” ва “Бургутлар” ўртасидаги ўйинга қизиқиш ҳам катта. “Андижон” Ўзбекистон Кубоги ярим финалига чиққан ва улар финални исташяпти. Аммо чемпионатда ҳам натижаларини яхшилаш ҳаракатидалар. Аксига олиб “Андижон” иккинчи даврани учта мағлубият билан бошлади. Шунинг учун Қаршида ижобий натижа учун курашишади. Буни улар ўтган йили исботлашганди. “Насаф” эса ҳозирда мусобақа пешқадами. Бердиев жамоаси ғалабали юришини яна давом эттирадими ёки йўқ?! Буни ўйин куни билиб оламиз.
26 август
19:00. “Сўғдиёна” – “Пахтакор”
Сафарда “Нефтчи”ни йирик ҳисобда ютгач 2-ўринга кўтарилиб олган “Сўғдиёна” энди бу турда амалдаги чемпион “Пахтакор”ни қабул қилади. Бу турнинг марказий учрашуви. “Пахтакор” 14-турнинг қолдирилган ўйинида Тошкентда “Сурхон”га ютқазиб қўйди. Иван Бошкович ёшлардан қандай жамоа тузганини ҳамма алоҳида эътироф этяпти. Бу баҳсда энди “Сўғдиёна” фаворитдек кўринмоқда. Лекин “Пахтакор” Жиззахда жанг таклиф қилиши аниқ. Ҳозирча имкониятлар тенг.
20:00. “Сурхон” – “Навбаҳор”
“Сурхон” ҳам алоҳида мавзуга айланиб қолди. Кетма-кет икки марта сафарда оғир ўйинларни ўтказди. “Андижон” ва “Пахтакор” майдонларида муҳим ғалабаларни қўлга киритишгани фикримизга исбот. Энди эса уларни яна бир оғир баҳс кутмоқда. “Сурхон” Ўзбекистон Кубоги ярим финалига чиққанини биласиз. Жамоа эса юқори кайфиятда. “Навбаҳор” бўлса ўтган турда “Бунёдкор” билан учрашувда аранг мағлубиятдан қутулиб қолди. Рости, Лушчан жамоасига қийин бўлади. “Сурхон” рақиблари учун чинакамига бош оғриғи бўлмоқда.
27 август
18:00. “Бунёдкор” – ОКМК
Иккинчи даврада “Бунёдкор” ижобий тарафга ўзгараётганини ўйини ва натижалари билан кўрсатмоқда. Аммо ўтган турда Самарқандда ютқазиб 3-ўринга тушиб қолган ОКМКга қарши ўйин “Бунёдкор” учун оғир ўтиши аниқ. Сабаби Миржалол Қосимов жамоаси ҳам анча мазмунли ва қизиқарли футбол ўйнамоқда. Бу дербини кузатиш ҳам жуда қизиқарли.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар