Энди клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 32 та клуб қатнашади!
Хабар берганимиздек, кеча ФИФА Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидан ФИФА миқёсидаги бир қатор мусобақаларга мезбон мамлакатларни белгилаш, регламент ва ўйинлар вақтига аниқлик киритиш масалалари ўрин олди. Қуйида шулар ҳақида сўз боради.
ФИФА Кенгаши бир овоздан 2025 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган клублар ўртасидаги янги Жаҳон чемпионати мезбонлигини АҚШга берилишини қўллаб-қувватлади. Айтиш керакки, ушбу мусобақада тарихда илк бор дунёнинг 32 та клуби иштирок этиши белгиланди.
Расмий хабарда қайд этилишича, мезбонни танлаш жараёнида инфратузилма ва хизмат кўрсатиш талаблари, шунингдек, турнирнинг кенгроқ стратегик мақсадлари инобатга олинди.
ЖЧ-2030
Эркаклар футболи бўйича нуфузли турнирнинг 100 йиллиги нишонланадиган ФИФА Жаҳон чемпионати 2030 бўйича барча асосий манфаатдор томонлар билан қўшимча маслаҳатлашувларни таъминлаш мақсадида танлов жараёнининг бошланиш вақти кечиктирилди. Шу сабабли, тегишли танлов қоидалари ФИФА Кенгашининг 2023 йил сентябрь-октябр ойларида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишида тасдиқлаш учун тақдим этилади ва танлов жараёни шундан сўнг расман бошланади.
ФИФА Конгресси кутилаётган мезбон(лар)нинг тайинланиш муддатини 2024 йилнинг 3-чорагидан 2024 йилнинг 4-чорагига кўчирди.
ФИФА Жаҳон чемпионати 2026 мусобақасининг дастлабки регламенти тасдиқланди.
“Кейинги ФИФА Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа иштирок этса, турнир футболга мисли кўрилмаган таъсир кўрсатади. Айниқса, эндиликда кўпроқ давлатларга жаҳон саҳнасида порлаш имконияти берилади”, - деди президент Инфантино.
ФИФА Конгресси ва турнирлари мезбонлари
Бундан ташқари, Кенгаш ФИФАнинг 74-конгресси 2024 йил 17 май куни Таиланд пойтахти Бангкокда бўлиб ўтишини тасдиқлади.
Шунингдек, 2023 йилги U-17 Жаҳон чемпионати Индонезияда, 2024 йилги U-20 аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати Колумбияда, U-17 аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати эса Доминикан Республикасида ўтиши тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, айнан кечаги ФИФА Конгрессида 2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати мезбонлиги Ўзбекистонга топширилган эди.
Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтиши керак бўлган 2023 йилги пляж футболи бўйича Жаҳон чемпионатининг саналари 2023 йилнинг 16-26 ноябридан 2024 йилнинг 15-25 февралига кўчирилди.
Манба: ЎФА
Фикрлар