Энди Шомуродовга янада қийин бўлади, сабаби...
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг яхши тўпурари Элдор Шомуродов ҳурматидан А Серияда “Кальяри” клубига мухлислик қила бошлади.
Бироқ, ўзбек легионери Италиядаги тўртинчи жамоасида ҳам бошланғич таркибга кира олмаяпти. Аввалига, Элдорни асосий икки ҳужумчидан бири сифатида ўйнатишни режалаштирган Клаудио Раньери энди уни бир неча дақиқага захирадан туширмоқда.
Италиялик мутахассис бу қарорларини Шомуродов таътилдан кейин оптимал спорт формасини тиклаб улгурмагани билан изоҳлаяпти.
"Кальяри"нинг энг заиф нуқтаси бугунги кунда ҳужум чизиғи бўлиб турибди. Сардинияликлар А Серияда ҳали бирорта гол ургани йўқ. Бу жамоа вакиллари икки ўйинда рақиблар дарвозасига атиги тўрт марта зарба йўллаган холос. Шу боис, Раньери жамоага яна бир моҳир ҳужумчи кераклигини таъкидлаётган эди.
Ниҳоят, клуб мутасаддилари бош мураббий сўраган янги ҳужумнинг трансферини уддалади. Катта жамоалар “нонини еган” Андреа Петанья “Кальяри” билан бир йиллик ижара шартномасига имзо чекди. Аслида “Монца” аъзоси ҳисобланган форвард бир неча клуб орасида талаш бўлаётган эди.
Сардинияликлар бу футболчини келаси ёзда тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи ҳам бор. Демак, бу ўйинчи Элдор Шомуродовнинг янги мавсумда ўйин вақти бўйича рақобатчиси бўлишдан ташқари, келажакда “Кальяри”да қолиш имкони учун ҳам баҳслашади.
Петанья Элдор Шомуродов билан тенгқур. 28 ёшли футболчи “Милан” тарбияланувчиси ҳисобланади. Фаолияти давомида “Асколи”, “Аталанта”, СПАЛ, “Наполи” каби жамоаларда тўп тепган. “Монца” уни ўтган йили ижарага олиб ўйнатиб, шу ёз “Наполи”дан тўлиқ трансфер қилган эди.
Мутахассислар баланд бўйли Петаньянинг жисмоний имкониятларига юқори баҳо бермоқда. Бундан ташқари у иккинчи қаватдаги курашларда рақибга имкон бермайди, тўпни ўзида яхши сақлай олади, жамоадошларига кенг ҳудудларни очиб бера олади ва ҳужум ташкил қилишга уста. Шунингдек, техникаси ва дриблинги яхши шаклланган, голли пас узатишга ҳам қобилияти бор.
Петанья яққол марказий ҳужумчи. Клаудио Раньери энди олдинги чизиқда бу ўйинчига кўпроқ имкон бериши ҳозирдан. Шомуродовга ўзининг асосий позициячи – марказий ҳужумда ўйнаш янада қийинлашади.
Элдор Шомуродов таркибдан жой олиши учун қўшимча имкониятларига таянишга мажбур. Ҳамюртимиз икки қанотда ҳам ўйнай олиши ҳозирча унинг бошқа форвардлардан ажралиб турадиган асосий устунлиги ҳисобланади.
“Кальяри”нинг собиқ футболчиларидан бири Мауро Валентини жамоа ҳақида ўз-фикр мулоҳазаларини айтиб, Шомуродовдан қандай фойдаланиш масаласига ҳам муносабат билдириб ўтди.
- Ташқаридан қараганда, Элдор Шомуродов жарима майдончаси ичида ўйнайдиган яққол марказий форвард сифатида тўп тепаётгандек кўринмаяпти.
Менда у турли йўналишларда ҳаракат қиладиган ҳужумчи сифатида таассурот уйғотди. Элдор тўпга қараб ўзи ҳаракат қилаяпти, ҳужумни майдон ичкарисидан, яъни анча орқадан бошлаяпти, қанотларда кенг ўйнашга уриняпти. Клаудио Раньери узоқ масофадан юқорилаб тўп узатишга алоҳида эътибор қаратаётгани боис, ўйинларда кўпроқ таран ҳужумчилар – Леонардо Паволетти ва Зито Лувумбога таянмоқда, - деди Мауро Валентини.
Дарҳақиқат, Клаудио Раньери бошчилигидаги мураббийлар чемпионатнинг дастлабки икки учрашувида ҳам Элдор Шомуродовни захирадан майдонга тушириб, бир неча дақиқа ўйнатди холос.
Бу ёғига легионеримиз “Рома” ва “Специя”да бўлгани каби захирага михланиб қолмаслиги учун иҳкичик имкониятдан ҳам катта натижа чиқариб, бошланғич таркибга кириб олмаса бўлмайди.
Легионеримиз гол урди
Легионерларимизга аниқ шарт қўйилди
Тўрт футболчимиз дунёнинг энг қиммат лигаларида тўп тепмоқда!
Фикрлар