Энг кучли боксчиларимиз машғулотларни давом эттирмоқда

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз бокс федерацияси мутасадди раҳбарлари иштирокида боксчиларимиз билан онлайн машғулот ўтказилди.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, чарм қўлқоп усталаримиз терма жамоа мураббийлари кўрсатмаларига асосан машғулотларни олиб борди. Онлайн машғулот давомида бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатов карантин вақтида спортчиларимиз вақтларини қандай ўтказаётгани, уларга машғулот ўтказишлари учун яратилган шароитлар ҳақида тушунтириб берди.

Шунингдек, мазкур машғулотни кузатиб борган Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов томонидан спортчиларимизга тегишли тавсияларни берди. Бундан ташқари, мана шундай шароитда машғулотларни тўхтатмай, шуғулланишда давом этаётганликлари учун спортчи ва мураббийларимизга, фаолиятини давом эттираётган, ушбу онлайн машғулотни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган Ўзбекистон бокс федерациясига миннатдорлик билдирди.

"Кимда қандай муаммолар, саволлар бўлса кўриб чиқишга тайёрмиз. Тўхтаб қолмаслигимиз керак. Айни пайтда бутун дунёда бир хил шароит юзага келган. Насиб қилса, вазият жойига тушганидан сўнг Ўзбекистонда юқори савиядаги ички мусобақалар ташкил этамиз", - деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!