Енгил атлетика. Икки нафар вакилимиз Кенияда йиғин бошлади
Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар аъзоси Шоҳруҳ Давлатов ҳамда Евгений Фадеев Кенияда ўқув-машғулот йиғинларига киришди. Машғулотлар Итен шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Яхши маълумки, кениялик югурувчилар узоқ масофаларга ўтказиладиган пойгаларда дунёдаги энг кучлилардан саналишади. Ушбу шаҳардан ўнлаб жаҳон ва Олимпиада чемпионлари етишиб чиққан. Шаҳар денгиз сатҳидан 2350-2400 метр баландликда жойлашган бўлиб, спортчилар учун керакли шароитлар мавжуд.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Давлатов бир ўзи ушбу шаҳардаги йиғинда қатнашган ва бу Тошкент V Халқаро марафони ҳамда бошқа турнирларда ўз самарасини кўрсатган эди. Жорий йиғин 18 августга қадар давом этиши кўзда тутилган бўлиб, атлетларимиз учун Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлик йўлидаги муҳим босқич вазифасини ўтаб беради.
Манба: МОҚ
Фикрлар