Енгилмас профессионал боксчиларимиз Вьетнамда рингга чиқишади
Ads

Профессионал боксда муваффақиятли юришларини давом эттираётган умидли боксчиларимиз Ҳусниддин Пўлатов, Равшанбек Шерматов ва Абдурасул Исмоилов ўзининг навбатдаги жангларини 20 январ куни Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида ўтказади. Бу боксчиларимизнинг барчаси "Cocky Buffalo" промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаганлар.

Мазкур бокс кечасида WBA Asia чемпионлик камари соҳиби Ҳусниддин Пўлатов филиппинлик Родел Венкеслаога (13-16-2) қарши ҳимоя жангини ўтказади.

Вакилларимиз иштирокидаги иккинчи қарама-қаршиликда профессионал бокс бўйича илк марта ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ғолиби (63,5 кг.да) Абдурасул Исмоиловга филиппинлик тажрибали боксчи Жаими Барселона рингга чиқади. Бу боксчи 1997 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, шу вақтга қадар кўп эмас, оз эмас 105 та жанг ўтказган ва шулардан 41 тасида ғалаба қайд этган бўлса, яна 63 мағлубият ва 1 дуранг мавжуд.

Abdurasul Ismoilov

Эслатиб ўтамиз, Абдурасул юқоридаги промоутерлик компанияси билан 7 йиллик шартномага имзо чеккан. Бу боксчимиз шу вақтга қадар 2 та жанг ўтказиб, иккаласида ҳам зафар қучган.

Яна бир жангда енгилмас Равшанбек Шерматов (2-0) профессионал рингдаги учинчи жангини индонезиялик Валдо Сабуга қарши ўтказади. Бу боксчи жами 26 та жанг ўтказиб, 13 ғалаба ва 13 мағлубият қайд этган.

Боксчиларимизга омад тилаймиз!