Эркин курашчиларимиз ЖЧда 1 тадан олтин ва кумуш медални қўлга киритишди

Болгариянинг София шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтмоқда. Бироз аввал мусобақанинг дастлабки вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқлаб олинди, дея хабар бермоқ Миллий олимпия қўмитаси. 

Хабар берганимиздек, бугун эркин кураш бўйича финал беллашувида 2 нафар полвонимиз ғолиблик учун баҳс олиб борди. Улар орасида ўтган йили Аргентина пойтахтида ўтган ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Умиджон Жалолов эндиликда жаҳон чемпиони унвонини ҳам расмийлаштириб қўйди. -55 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган полвонимиз финалда эронлик рақибини 3:1 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди. Таъкидлаш жоиз, мусобақа давомида фақат финалда Жалоловнинг рақиби очко ололди холос. Қолган барча беллашувларда Умиджон йирик ва “қуруқ” ҳисобда ғалаба қозонган.

-48 килограмм вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Камронбек Қадамов ҳам финалда мардонавор курашди. Эрон термасининг бошқа бир вакили билан баҳс олиб борган курашчимиз беллашувида 4:4 ҳисоби қайд этилди. Сўнгги очкони Раҳмон Амузадҳалили қўлга киритгани учун қоидага мувофиқ олтин медаль форс йигитига насиб этди. Афсуски, -65 килограмм вазн тоифасида курашган бошқа бир вакилимиз Қудратбек Нуриллаев ҳиндистонлик курашчига имкониятни бой бериб қўйди.

Болгария. Ўсмирлар ўртасида ЖЧ, эркин кураш.
Финал:
-48 кг: Раҳмон Амузадҳалили (Эрон) – Камробек Қадамов 4:4
-55 кг: Умиджон Жалолов – Маҳди Вайси (Эрон) 3:1

Бронза медали учун:
-65 кг: Маниш Госвами (Ҳиндистон) – Қудратбек Нуруллаев 5:2

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!