Эркин курашчиларимиз Туркияда 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди

Туркиянинг Истанбул шаҳри мезбонлигида ўтаётган йилнинг дастлабки рейтинг турнирида эркин курашчиларимиз совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади. 

Жумладан, Токио Олимпиадаси совриндори Бекзод Абдураҳмонов вазнини 12 килограммга кўтариб, 86 кг вазн тоифасидаги илк халқаро мусобақасида бронза медалини қўлга киритди. Абдураҳмонов бронза медали учун кечган беллашувда франциялик Аҳмед Айбуевни қийинчилик билан мағлуб этди.

Токио Олимпиадаси иштирокчиси Ғуломжон Абдуллаев ҳам ўзи учун янги вазнда илк халқаро мусобақасидаёқ кумуш медаль соҳибига айланди. У муросасиз ўтган финал баҳсида Токио олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори, ҳиндистонлик Рави Кумарга бир очко фарқи билан имкониятни бой бериб қўйди - 10:11.

Ўзи учун янги 65 кг вазнда имкониятини синаб кўрган истеъдодли эркин курашчимиз, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Умиджон Жалолов мўғулистонлик Тулга Тумур Очирни 5:4 ҳисобида енгиб, Истанбул рейтинг турнирининг бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Туркиядаги йилнинг дастлабки рейтинг турнирини 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан якунлади. Мусобақанинг дастлабки куни юнон-рум курашчиларимиз 3 та олтин, 1 та бронза медалини қўлга киритишган эди. 

                                                                                                                                       Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!