Эрон билан ўйинда россиялик юлдуз Шомуродовнинг ишини такрорлади
Россия терма жамоаси Қозонда ўтказилган ўртоқлик учрашувида Эрон терма жамоаси устидан ишончли ғалаба қозонди. Беллашув 2:0 ҳисобида якунланди.
Иккала гол ҳам «Монако» ярим ҳимоячиси Александр Головин томонидан урилди. У миллий жамоа сафида илк бор бир ўйинда икки марта гол киритишга эришди. Аввалроқ унинг Россия чемпионатига қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ғалабани таъминлаган голга голли пасни «Галатасарай» ярим ҳимоячиси Алексей Батраков узатди.
ПСЖ дарвозабони Матвей Сафонов 2024 йил июнидан бери илк бор ўйинни гол ўтказмасдан якунлади.
Эрон ҳозирги кунда ФИФА рейтингига кўра Россия терма жамоаси учун энг кучли рақиблардан бири ҳисобланади — жамоа 22-ўринни эгаллаб турибди (Россия 35-поғонада жойлашган).
Эронликлар бундан аввалги учрашувда Фарғонада Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан куч синашган эди. Ўша баҳсда Фабио Каннаваро шогирдлари 3:1 ҳисобида зафар қучган.
Ўйинда Элдор Шомуродов иккита гол уриб, дублга эришган бўлса, Ҳусайн Норчаев ўз ҳисобига битта тўп ёздириб қўйганди.

Фикрлар