Эрон чемпионати. Сергеев ва Ўрунов голли ҳаракатлар амалга оширган ўйинда «Персеполис» ғалаба қозонди
Эрон чемпионатининг 8-турида «Персеполис» ўз майдонида «Санат-Нафт»ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мезбонлар сафида Тиви Бифума 5-дақиқада ҳамюртимиз Игорь Сергеевнинг узатмасидан кейин ҳисобни очди. 53-дақиқада Али Алиипур орадаги фарқни иккита тўпга етказди. 67-дақиқада эса Муҳаммадҳусайн Басери меҳмонларнинг жавоб голини киритди.
Учрашувнинг якуний ҳисобини 84-дақиқада яна бир ўзбекистонлик футболчи Остон Ўрунов ўрнатди. У 76-дақиқада захирадан майдонга тушган эди.
Шу тариқа, «Персеполис» очколари сонини 16 тага етказиб, бир ўйин кам ўтказган ҳолда турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Пешқадам «Трактор» ҳисобида эса 17 очко мавжуд.

Фикрлар